×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Мева-сабзавотларни тезкор усулда музлатиш корхоналари сони ортмоқда

Мамлакатимизда мева-сабзавотларни қайта ишлаш билан шуғулланадиган корхоналар кўп. Айниқса, музлатилган маҳсулотларга бўлган талаб ортиб бормоқда. Сўнгги йилларда маҳсулотга ишлов беришнинг энг кенг тарқалган тури ҳисобланган шок усулида музлатиш жараёни республикада фаол йўлга қўйилмоқда. Бугунги кунда музлатилган мева-сабзавот маҳсулотлари нафақат ички бозорларга чиқарилмоқда, балки хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда.

Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаб тезкор (шок) усулда музлатиш бўйича йиллик 80 минг тонна қувватга эга 9 та корхона фаолият юритмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 2022-2026-йилларда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида тезкор усулда музлатиш бўйича камида 125 минг тонна қувватга эга 20 та корхонани ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Республикада қайта ишловчи корхоналар томонидан гулкарам маҳсулотини тезкор усулда музлатиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу сабзавот тезкор музлатиш камераларига жойлаштирилишидан аввал тозалаш, саралаш ҳамда керакли воситалар ёрдамида ишлов бериш босқичларидан ўтади. 2021-йилда корхоналар томонидан 13 минг тоннага яқин гулкарам маҳсулоти Қозоғистон, Қирғизистон, Белорус, Молдова, Россия каби давлатларга экспорт қилинган.

Республикада 2021-йилда 7,7 минг гектар майдонда 142,4 минг тонна гулкарам етиштирилди. 2022-йилда барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 8 минг 11 гектарда гулкарам етиштирилиб, ундан 147,1 минг тонна ҳосил олиш кутилмоқда.

Таҳлилларга кўра дунё бўйича мева-сабзавотларнинг 15-20%и қайта ишланади, жумладан ЙИда 20%, Францияда 20%, Швецияда 17%, Белоруссияда 10% ва Россияда 15% ни ташкил этади.

Бугунги кунда дунё бўйича маҳсулотга ишлов беришнинг энг оммабоп усулларидан бири бу – шок усулида музлатиш (57%), консервалаш (38%) ва қуритиш (5%) ҳисобланиб, сўнгги даврда – консерваланган мева ва сабзавотларга бўлган талаб (сирка ва шакар билан консерва қилинган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўтган 20 йил ичида 10% камайган) йилдан-йилга камайиб, музлатилган маҳсулотларга талаб йилига 10 фоиздан ошиб бормоқда.

ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Мултимедиа маркази томонидан вазирликининг Мева – сабзавотчилик, узумчилик, полизчилик ва картошкачиликни ривожлантириш ҳамда Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бошқармалари маълумоти асосида тайёрланди.

 

Манба: www.agro.uz