×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий шерикликни жадал ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

27 октябрь куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Россия Федерациясига ташрифи доирасида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссияси ҳамраислари – Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири М.Решетников ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида икки мамлакат ўртасида устувор йўналишларда иқтисодий шерикликни чуқурлаштиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан конструктив фикр алмашилди.

Аниқ инвестиция лойиҳалари, ўзаро савдони ошириш, транспорт ва логистика алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда банк-молия соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар атрофлича кўриб чиқилди.

Янги ва энг салоҳиятли ташаббуслар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида ташкил этилган Лойиҳа офиси томонидан ишлаб чиқилган таклифлар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон-Россия савдо айланмасини ошириш учун улкан имкониятлар борлигини қайд этиб, томонлар барча мавжуд тўсиқларни чуқур ва ҳар томонлама ўрганишга ҳамда уларни бартараф этиш механизмларини ишлаб чиқишга келишиб олдилар. Бунда техник қоида ва стандартлар, санитария ва фитосанитария стандартлари уйғунлаштирилади, шунингдек, божхона тартиботлари рақамлаштирилади.

Ўзаро юк ташиш ҳажмини ошириш учун шарт-шароитларни яхшилаш, жумладан, мавжуд бўлган транспорт йўлакларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда икки давлатни боғловчи янги йўлакларни яратиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш шакллари белгилаб олинди.

Томонлар янги “2022-2026 йиллар учун савдо – иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорлик дастури”ни қисқа муддатларда маромига етказиш ва келишиш бўйича якдил фикр билдирдилар. Ушбу Дастур аниқ чора-тадбирлар, механизмлар, муддатлар ва масъул идораларни ўзида мужассам этган Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришни белгиловчи ягона стратегик ҳужжат бўлади ва уни амалга ошириш учун “Йўл харитаси” бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқилади.

Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларини жалб этган ҳолда муносабатлар асосий йўналишлари бўйича мавжуд барча масалалар устида иш олиб борилди, ўзаро мақбул ечимлар ишлаб чиқилди, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш бўйича навбатдаги тадбирлар режалаштирилди. Учрашув якунида томонлар кўриб чиқилган ҳамкорлик йўналишлари бўйича муносабатларни фаоллаштиришга келишиб олдилар.

 

https://mift.uz/