×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Тошкентда Биринчи халқаро фармацевтика форуми очилди

Жорий йилнинг 15 июнь куни “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, шунингдек Хорижий фармацевтика компаниялари ва ишлаб чиқарувчиларининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхоналари Ассоциацияси томонидан ташкил этилган Биринчи халқаро фармацевтика форуми ўз ишини бошлади.

Форум маҳаллий фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, фарммаҳсулотларни маҳаллийлаштириш ва экспорт қилиш ҳажмини ошириш, Ўзбекистонда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий компанияларни жалб қилишга қаратилган. Тадбир маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар, соҳани тартибга солувчи органлари, сотувчи ташкилотлар ва фармацевтика бозори мутахассислари ўртасида энг яхши тажриба ва амалиёт, инновацион услуб ва технологиялар алмашинуви учун платформага айланишга мўлжалланган.

Форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан маърузачилар таъкидлашича, сўнгги 5 йил ичида мамлакатимизда мазкур тармоқда қиймати қарийб 500 миллион долларлик 100дан ортиқ инвестиция лойиҳалари ишга туширилди, уларнинг 65 таси хорижий инвесторлар иштирокида ташкил этилган. Бунинг натижасида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 баробар, экспорт ҳажми эса қарийб 5 баробар ошди. 7 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Маълум қилинишича, 2026 йилга бориб фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробарга ошириш ҳамда Ўзбекистон бозорида маҳаллий дори воситалари улушини 80 фоизга етказиш режалаштирилган.

Маҳаллий фармацевтика саноатини ривожлантиришда кўп йиллик офтейк-шартномалари (олдиндан келишилган шартлар асосида келажакда ишлаб чиқарилиши режалаштирилган маҳсулотларни сотиб олиш шартномаси) асосида кафолатли сотиб олиш тизимини жорий қилиш, эркин иқтисодий ва фармацевтика зоналарини яратиш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини молиявий қўллаб-қуватлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, хусусан, клиник синовларини ўтказиш, транспорт харажатларини қоплаш учун миллий фармацевтика корхоналарига субсидиялар ажратиш, хорижий мамлакатларда маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш ва сертификатлаш, шунингдек, GMP (Самарали ишлаб чиқариш амалиёти), GDP (Маҳсулотларни самарали тарқатиш амалиёти) ва GPP (Яхши дорихона амалиёти) халқаро сифат стандартларини ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тенденциялари кўзатилаётганлиги таъкидланди.

Форумда 100 дан ортиқ етакчи маҳаллий ва хорижий фармацевтика компаниялари вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, хорижий дипломатик ваколатхоналар, шунингдек йирик дорихона тармоқлари ва дистрибьюторлар вакиллари иштирок этмоқда. Тадбир доирасида Ўзбекистон фармацевтика тармоғини ривожлантириш, унинг инвестициявий ва саноат салоҳиятидан самарали фойдаланиш, қўшма корхоналарни ташкил қилиш истиқболлари, шунингдек фармацевтика соҳасида интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш чоралари кўриб чиқилади. Шунингдек, иштирокчилар пандемиянинг тармоқ ривожига таъсири ҳамда қовиддан кейинги даврда фармацевтика саноатининг ривожланишидаги тенденцияларини муҳокама қиладилар.

Ҳамкорлар, хорижий бизнес вакиллари ва Форум меҳмонлари эътиборига маҳаллий ва минтақавий бозорларда юқори талабга ҳамда қўшилган қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган аниқ инвестициявий таклифлар бўйича тақдимотлар ҳавола этилди.

Маълумот учун: ҳозирги кунда Ўзбекистонда 221 фармацевтика ишлаб чиқариш корхонаси фаолият кўрсатмоқда, 140 дорихона дори – дармон ишлаб чиқаришга, 616 ташкилот – фармацевтика маҳсулотларини улгуржи сотишга ҳамда 15790 дорихона ва уларнинг филиаллари дори-дармон ва тиббий маҳсулотларнинг чакана савдосига ихтисослашган. 2021 йилда маҳаллий корхоналар томонидан 3,8 триллион сўмлик фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, ишлаб чиқариш ҳажми эса 2020 йилга нисбатан 20 фоизга ошди.

Форум 15 ва 16 июнь кунлари ўз ишини давом эттиради. 17 июнь куни Самарқанд шаҳрида Савдо-саноат палатаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан атоқли ўзбек олими Абу Али ибн Синонинг меросини акс эттирувчи «Avicenna Heritage» деб номланган доривор ўсимликлар маҳсулотларининг Биринчи халқаро кўргазмаси ташкил этилади.

                                                                                                                                                                                                                                                                                                                       Manba:mift.uz