×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон 2021-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги Кўп йиллик индикатив дастурни ишга туширди

Жорий йилнинг 10 март куни Тошкент шаҳрида Европа Иттифоқининг Ўзбекистон учун 2021-2027 йилларга мўлжалланган янги Кўп йиллик индикатив дастурини ишга тушириш бўйича конференция бўлиб ўтди. Унда Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ҳамда Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилайнен иштирокчиларга қутлов сўзи билан мурожаат қилди. Тадбирда, шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг раҳбарияти, Европа Иттифоқининг Элчиси Шарлотта Адриан, Ўзбекистоннинг асосий вазирлик ва идоралари, халқаро ташкилотлар ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларининг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

С.Умурзаков ўз мурожаатида Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан узоқ муддатли, кўп қиррали ва жадал ривожланиб бораётган ҳамкорлигини таъкидлаб, ЕИ томонидан мамлакатимизда кенг кўламли таркибий ислоҳотлар ҳамда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишда кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, у Ҳукуматнинг қўшма ташаббус ва дастурларни илгари суриш ва ЕИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини кашф этишга қаратилган яқин ҳамкорликни жадаллаштиришга содиқлигини билдирди.

Тадбир давомида 2021-2027 йилларга мўлжалланган навбатдаги дастур доирасида Европа комиссияси билан икки томонлама молиявий-техник ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди. Янги индикатив дастур доирасида дастлабки босқичда 2021-2024 йилларга 83 млн. евро, шу жумладан техник ёрдам ва бюджетни қўллаб-қувватлаш бўйича биргаликда ишлаб чиқилган лойиҳалар ва дастурлар учун 76 миллион евро, шунингдек фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича тадбирларни қўллаб-қувватлаш учун 7 миллион евро ажратилиши маълум қилинди. Дастурнинг устувор йўналишлари Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида белгиланган асосий вазифаларга тўлиқ мос келиши таъкидланди.

Муҳокама чоғида томонлар қишлоқ хўжалиги ва «яшил» ўсишни қўллаб-қувватлаш, ер ва сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, инновацияларни жорий қилиш, давлат бошқаруви, шу жумладан, суд, транспорт ва логистика тизимлари самарадорлигини ошириш ва рақамлаштириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, шунингдек Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳаларидаги лойиҳалар ва тадбирларни амалга оширишнинг муҳим жиҳатларини атрофлича кўриб чиқдилар.

Тадбир доирасида томонлар иштирокчиларни қизиқтирган ҳамкорлик дастурининг амалий ижроси билан боғлиқ саволларига жавоб бердилар ҳамда ушбу йўналишдаги биринчи даражали вазифалар ҳақида сўз юритдилар.

 
 
Манба: mift.uz