×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича саккизинчи раунд музокаралари бўлиб ўтди

28-30 июнь кунлари Тошкентда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи вакиллари савдо масалалари бўйича ишчи гуруҳи доирасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик (КШҲБ) юзасидан янги икки томонлама битим лойиҳаси бўйича саккизинчи раунд музокараларини ўтказди. Эслатиб ўтамиз, томонлар ўртасидаги КШҲБ бўйича музокараларнинг аввалги раунди шу йилнинг февраль ойида видеоконференц алоқа шаклида ўтказилган эди.

Тадбирга Ўзбекистон томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Обидов ҳамда Европа Комиссиясининг Жанубий Осиё, Яқин Шарқ, Туркия, Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо бўйича бош директори Тимо Ҳаммарен раислик қилишди.

Музокараларда республиканинг турли вазирлик ва идоралари, шунингдек, Европа Иттифоқи муассасалари раҳбарлари ва мутахассислари ҳам иштирок этди.

Муҳокама этилган масалалар, авваламбор, икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди. Инвестициялар ва ишбилармонлик муҳитини ҳар томонлама такомиллаштириш жиҳатларига эътибор берилди. Мамлакатимиз умумдавлат имтиёзлар тизими (GSP+) бенефициар-мамлакат мақомини олганидан сўнг, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг янада яхшилангани алоҳида қайд этилди.

Ушбу келишув муҳокамаси 2019 йилда бошланган. Шу кунга қадар музокараларнинг 7 раунди бўлиб ўтди. КШҲБ 1996 йилда Флоренсияда (Италия) имзоланган Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги амалдаги шериклик ва ҳамкорлик битимини тўлдиради.

Қўшимча қилиб айтишимиз мумкинки, КШҲБ Европа Иттифоқи билан икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларга янги туртки беради. КШҲБ, шубҳасиз, Европа инвестицияларини жалб қилиш, шунингдек, интеллектуал мулк, савдо ва барқарор ривожланиш, техник, санитария ва фитосанитар тартибга солиш ва бошқа соҳаларда тажрибаларини жалб қилиш орқали Европа Иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни қуришнинг муҳим воситаларидан бирига айланади.