×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон делегацияси ЭСКАТОнинг Транспорт бўйича қўмитасининг ялпи мажлисида иштирок этди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ)  вакиллари Бангкокда ўз ишини бошлаган  Осиё  ва  Тинч океани иқтисодий  ва  ижтимоий  комиссияси  (ЭСКАТО) Транспорт бўйича қўмитасининг видеоконференция воситасидаги ялпи мажлисида иштирок этди.

ИТСВ маълумотига кўра,  ялпи мажлис давомида ЭСКАТОнинг 53 аъзоси ва ассоциатив аъзо бўлган 9 давлат делегациялари минтақавий транспорт тизимларини ривожлантириш ва Осиё-Тинч океани минтақасида транспортнинг барқарор ривожланиши тўғрисидаги Вазирлар декларациясини амалга ошириш учун стратегик аҳамиятга эга бўлган масалаларни кўриб чиқдилар.

2022-2026 йилларга мўлжалланган ЭСКАТО минтақавий дастури доирасида «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон», «Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор», «Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ҳиндистон» халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш лойиҳалари, шунингдек, Ўзбекистонда халқаро юк ташиш хавфсизлигини ошириш бўйича бошланган лойиҳалар кўриб чиқилди.

Маълумот учун: Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси Таиланднинг Бангкок шаҳрида жойлашган БМТ Иқтисодий ва ижтимоий Кенгашининг бешта минтақавий комиссияларидан биридир. У 1947 йилда Кенгашга аъзо давлатларнинг иқтисодий ҳамкорлигини рағбатлантириш учун ташкил этилган.

 

Манба: dunyo.info