×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Тери-пойабзал ҳамда жун ва мўйначилик тармоғининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари ўрганилди

Жорий йилнинг 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев «Ўзчармсаноат» уюшмасига ташриф буюрди. Ташриф давомида уюшма раҳбарияти чарм-пойабзал саноатининг ҳозирги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари тўғрисида тақдимотлар ўтказди.

Тақдимотларда қуйидаги маълумотлар келтирилди: агар 2017 йилда саноат корхоналари томонидан қиймати 18 миллион доллар бўлган 17 та лойиҳа амалга оширилган ва 800 та иш ўрни яратилган бўлса, 2021 йилга келиб 12 мингта янги иш ўрни яратилиши билан умумий қиймати 202 миллион долларлик 112 та лойиҳа амалга оширилди. Давлат кўмаги туфайли 2026 йилга бориб қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган 555 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган, бунинг натижасида 50 мингта янги иш ўрни яратилади.

Ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ўсиш трендини кўрсатмоқда. 2017-йилда 760 миллиард сўмлик, 2021-йилда 4,4 триллион сўмлик чарм ва пойабзал маҳсулотлари ишалб чиқарилди. 2026-йилда 18,6 триллион сўмлик шу турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Экспорт йўналишида ҳам ўсиш кузатилмоқда. 2017-йилда ташқи бозорларга 105 миллион долларлик, 2021 йилда 421 миллион долларлик товарлар етказиб берилди. 2026 йилда эса саноат корхоналари 1,2 миллиард долларга маҳсулот экспорт қилмоқчи.

Тери-пойабзал ҳамда жун ва мўйначилик саноатининг ривожланиш истиқболларини таҳлил қилиш жараёнида юқори сифатли хом ашёни сотиб олиш, ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, кластерларда, кичик саноат зоналарида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муаммолар ва таклифлар билдирилди. Бундан ташқари, маҳсулот экспортини кўпайтириш, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ўзбек корхоналарнинг ихтисослаштирилган халқаро кўргазмаларда иштирок этиши, соҳадаги инновацион лойиҳаларни молиялаштириш, мамлакатда ва хорижий давлатларда йирик улгуржи савдо марказларини ташкил этиш мавзуларига тўхталиб ўтилди.

Муҳокамадан сўнг Уюшма раҳбариятига билдирилган масалаларни батафсил ўрганиш ва соҳани янада ривожлантириш бўйича тадбирларни ишлаб чиқиш топширилди.

 

Манба: mift.uz