×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Сурхондарё вилоятида инвестициявий, саноат ва экспорт соҳаларида олиб борилаётган фаолият ўрганилди

Жорий йилнинг 12 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков бошчилигидаги ҳамда вазирлик, идора ва тижорат банклари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ Сурхондарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини, шунингдек, инвестициявий, саноат ва экспорт соҳасидаги фаолиятнинг бугунги ҳолатини ўрганиш мақсадида мазкур ҳудудга йўл олди.

Жойларга чиқиш чоғида маҳаллий тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар билан манзилли учрашувлар ўтказилди ҳамда корхоналарнинг бугунги ҳолати, технологик жараёнларнинг хусусиятлари ва юзага келаётган муаммоли масалалар ўрганилди. Кўтарилган барча муаммолар ҳар томонлама таҳлил қилинди, натижада аниқ ечимлар ишлаб чиқилди ҳамда уларни амалга ошириш муддатлари ва масъул ижрочилар белгиланди.

Шунингдек, тадбиркорлар ишчи гуруҳ аъзоларини ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва модернизация қилиш, ички ва ташқи бозорда харидоргир маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш режалари билан яқиндан таништирди. Муҳокама чоғида ҳал этишда тегишли вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликларнинг иштироки зарур бўлган масалалар тилга олинди. Бевосита учрашувлар давомида тақдим этилган янги лойиҳаларни илгари суриш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, мутасадди раҳбарларга лойиҳалар ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари, корхоналарга ташриф чоғида фойдаланилмаган ресурсларни ишга солган ҳолда вилоятда инвестициявий, саноат ва экспорт соҳасидаги фаолиятни янада кучайтириш, тадбиркорлар билан манзилли тарзда ҳамкорлик қилиш ҳамда янги лойиҳаларни ҳаётга жорий этишда уларга амалий кўмак бериш имкониятлари ўрганилди.

Шу билан бирга, тегишли вазирлик, идора, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларига тадбиркорликка кўмаклашиш, тармоқлараро ҳамкорликни ривожлантириш, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни маҳаллийлаштириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича алоҳида топшириқлар берилди.

 

Манба: mift.uz