×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Кимё саноатида кенг кўламли трансформация амалга оширилади

Президентнинг 13.02.2021 йилдаги «Кимё саноати корхоналарини янада ислоҳ қилиш ва молиявий соғломлаштириш, юқори қўшилган қийматли кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4992-сон қарори қабул қилинди.

 2021 йилдан бошлаб Кимё ва газ-кимё саноатида технологик кластерларни яратиш бўйича очиқ ҳамкорлик дастури (кейинги ўринларда – Дастур) жорий этилади. Унда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишда хусусий ва хорижий инвесторлар ва технологик шерикларни жалб қилиш назарда тутилган. Дастурга қуйидаги технологик кластерлар киритилган:

«Навоийазот» АЖ, «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ, Устюрт ва Шўртан газ-кимё мажмуалари, синтетик суюқ ёқилғини ишлаб чиқариш заводининг ишлаб чиқариш ва унга туташ ҳудудлари;

трансформация ва хусусийлаштириш жараёнлари тугагандан сўнг «Фарғонаазот» АЖ ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг ишлаб чиқариш ва унга туташ ҳудудлари.

 Қуйидагилар тасдиқланди:

2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига киритилган ва амалга ошириш муддатлари жадаллаштириладиган инвестиция лойиҳаларининг рўйхати;

2021-2025 йилларда кимё саноати корхоналарида ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, мавжуд хом ашё базасидан самарали фойдаланиш орқали юқори қўшимча қийматга эга бўлган кимёвий маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган инвестиция лойиҳалари рўйхати ҳамда уларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»;

 Қуйидагиларни амалга ошириш белгиланди:

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, «Ўзкимёсаноат» АЖга манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар 2035 йилгача кимё ва газ-кимё саноатини стратегик ривожлантиришнинг мақсадли дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

«Ўзкимёсаноат» АЖга манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили 1 ноябрга қадар Дастурга киритилган лойиҳаларни амалга ошириш учун салоҳиятли инвесторлар ва ҳамкорларни танлаш бўйича очиқ танлов тайёрланиши ва ўтказилишини, шунингдек Дастур доирасида жойлаштириладиган янги лойиҳалар бўйича таклифлар берилишини таъминлаш;

«Ўзкимёсаноат» АЖ, Фанлар академияси, ОЎМТВ ва Атом энергетикасини ривожлантириш агентлигига бир ой муддатда Кимё саноати учун инновацион кимёвий илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластерини ташкил этиш концепциясини Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

«Ўзкимёсаноат» АЖга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2024 йилга қадар, босқичма-босқич «Ўзкимёсаноат» АЖ корхоналарида ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларини, молиявий, хўжалик ва ташкилий фаолиятни бошқариш ва мониторинг қилиш, ишлаб чиқарилган товарларни сотиш, етказиб бериш ва улардан фойдаланишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш топширилди.

https://www.norma.uz/