×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

2021 йилда Ўзбекистоннинг ишбилармонлик муҳити тикланиш векторини олди – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тадқиқоти

2021 йилда ишбилармонлик муҳитининг барча кўрсаткичлари юқори даражада сақланиб қолди. 2021 йилда ўртача йиллик йиғма индикатори 60 пунктни ташкил этди, бу эса 2020 йилга нисбатан 18 пунктга кўпдир.

Ҳукумат томонидан иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқот форматида бўлиб ўтган учрашувидан сўнг амалга оширилган қатор чора-тадбирлар 2021 йилда иқтисодий ўсишнинг ижобий суръатларини сақлаб қолишга имкон берди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) ўтган йил давомида 1000 дан ортиқ корхоналар билан ҳар ой икки йўналишда сўров ўтказди: бизнеснинг ҳозирги ҳолатини сифатли баҳолаш ва тадбиркорларнинг келгуси уч ой давомида ўз бизнесини ривожлантириш истиқболларига бўлган умидлари.

2021 йилда ишбилармонлик муҳитининг барча кўрсаткичлари юқори даражада сақланиб қолди. 2021 йилда ўртача йиллик йиғма индикатори 60 пунктни ташкил этди, бу эса 2020 йилга нисбатан 18 пунктга кўпдир.

2021 йилда ишбилармонлик муҳити кўрсаткичларининг ўзгариши

Ишбилармонлик муҳити йиғма индикаторининг максимал қиймати январь ойида 69 пункт ва минимал қиймати эса май ойида (53 пункт) қайд этилди.

Ишбилармонлик муҳити индикаторининг динамикаси

2021 йилнинг май ойида саноат сектори вакиллари товарларга бўлган талаб (55%), хом ашё билан таъминланиш (13%) пасайганидан хавотирда эди. Қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари аҳволнинг ёмонлигини сув таъминотидаги қийинчиликлар билан боғлашди.

ФАО маълумотларига кўра, 2020 йилнинг июнь ойидан 2021 йилнинг апрель ойигача бўлган даврда мамлакатнинг барча ҳудудларида ёғингарчиликнинг камайиши кузатилган. Бундан ташқари, 2021 йил февраль ойи охирида ҳаво ҳароратининг -12 даражагача кескин пасайиши (Қорақалпоғистонда -22 даража) аҳоли ўртасида талабнинг ёмонлашишига, қурилиш ишларининг вақтинча тўхтаб қолиши, шунингдек, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг секинлашишига (мева ва резаворлар йиғим-теримида тахмин қилинган зарар 30% дан 80% гача баҳоланди) олиб келди.

43% тадбиркорларнинг фикрича, 2021 йилнинг ҳар ой ўртача ишбилармонлик муҳитининг ҳолати яхши экани кузатилган, 46%ининг айтишича, товар ва хизматларга талаб яхшиланган, 26%ининг таъкидлашича, ишчилар сони кўпайган.

Таъкидлаш жоизки, 2021 йил кичик ва ўрта бизнес вакиллари жуда юқори оптимизм билан ажралиб турди. Қисқа муддатда ишбилармонлик умумий ҳолатининг яхшиланиши ўртача 77% респондентларда кузатилди.

2021 йил декабрь ойида ишбилармонлик муҳитидаги ўзгаришлар

Ўтган йилнинг декабрь ойида ишбилармонлик муҳитининг йиғма индекси 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 10 пунктга ошди ва 62 пунктни ташкил этди. Бу эса Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳитининг ҳолатини ижобий (2020 йилнинг декабрь ойида – 52 п.) деб баҳолайди.

Ишбилармонликнинг жорий ҳолат индикатори 50 пунктни (ноябрда – 44 п.) ташкил этди, бу тадбиркорларнинг ҳозирги ҳолатга нисбатан ижобий кайфиятини тавсифлайди (2020 й. декабрда – 33 п.).

Жорий ҳолат индикаторининг ўсиши саноатда – 47 пункт (ноябрь – 38 п.), хизматларда – 51 пункт (ноябрь – 45 п.), қишлоқ хўжалигида – 52 (ноябрь – 47 п.) ва қурилишда – 51 пункт (ноябрь – 49 п.), бу корхоналар ўртасида тадбиркорлар кайфиятининг яхшиланиши билан боғлиқ.

Бизнесни ривожлантириш истиқболлари кутилмалари индикатори 75 пунктни (ноябрь – 67 пункт) ташкил этди. Бу эса тарбиркорларнинг келгуси 3 ой ичида ўз бизнес истиқболлари ҳақидаги қарашларини оптимистик (2020 йил декабрь – 73 пункт) акс эттиради.

Юқорида айтилганларнинг барчаси тикланиш суръатларининг тезлашишига олиб келади. Шунингдек, кўришимиз мумкинки 82% компаниялар 2022 йил бошида ўз бизнесларининг яхшиланишини (ноябрь – 74%, 2020й. декабрь – 73%) кутишмоқда.

Товар ва хизматларга бўлган талаб корхоналарнинг 67%да (ноябрь – 65%, 2020й. декабрь – 60%) яхшиланиши, ишчилар сони 68%дан (ноябрь – 61%, 2020й. декабрь – 59%) ошиши кутилмоқда.

 

review.uz