×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Сеулда савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Корея ҳукуматлараро қўмитасининг 11-йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Сеул шаҳрида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Корея Ҳукуматлараро қўмитаси (ҲҚ)нинг 11-йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазири Мун Сун Ук ҳамраислик қилди.

Йиғилишда икки мамлакатнинг асосий вазирликлари, идоралари, тегишли агентликлари ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилиш давомида инвестициялар, савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани ривожлантириш, энергетика, ахборот-коммуникация соҳаси ва соғлиқни сақлаш йўналишларида икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Конструктив мулоқот кун тартибининг асосий бандлари юзасидан фикр алмашиш имконини берди. Ҳар икки томоннинг кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш ва биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар, ташаббус ва дастурлар сонини кўпайтиришга қатъий содиқлиги билдирилди.

Тадбир дастури доирасида сўзга чиққан ҲҚ ҳамраислари коронавирус пандемиясининг жаҳон иқтисодиётига салбий таъсирига қарамасдан, ривожланиш суръатларини сақлаб қолган икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг барқарор хусусиятини қайд этдилар. Корея томони Ўзбекистонга ижтимоий-иқтисодий ривожланиш миллий дастурларини амалга оширишда ёрдам беришга содиқлигини ҳамда ўзаро ҳурмат асосида ва икки мамлакат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда узоқ муддатли стратегик шерикликка тайёр эканини билдирди.

Инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида Эркин савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқишни жадаллаштириш, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши борасида маслаҳатлашувларни фаоллаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари карантини соҳасидаги ҳамкорлик, инфратузилмавий ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, саноат кооперациясини йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва савдо соҳаларида инновацион технологияларни жорий этиш, геология-қидирув, фойдали қазилмаларни кавлаб олиш, металлургия ва тўқимачилик саноати соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор таклифлар ишлаб чиқилди ва ҳар томонлама кўриб чиқилди.

Ҳукуматлараро даражадаги очиқ мулоқот ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун ўзаро манфаатлар йўналишларини аниқ белгилаб олиш ҳамда иқтисодий шерикликнинг янги “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш имконини берди.

Учрашув якунида тадбир давомида эришилган асосий келишувлар ва икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг асосий механизмларини акс эттирувчи якуний баённома имзоланди.

 

mift.uz