×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

SpaceX компаниясига Ўзбекистонда ваколатхона очиш таклиф этилди

АКТ вазири Шерзод Шерматов SpaceX вакили Бен Мак Вильямс билан учрашувда компанияга Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиш таклифини берди. Ўзбеккосмос агентлиги билан эса Starlink лойиҳасини мамлакатга олиб кириш масаласи муҳокама қилинди.

10 май куни «Space Technology Conference STC-2022» халқаро конференцияси доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов SpaceX компанияси вакили Бен Мак Вильямс билан учрашди.

SpaceX бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Вазирлик хабарига кўра, компания вакили Ўзбекистонда ҳам шундай лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.

Ўз навбатида АКТ вазирлиги томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида компания вакилига Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиш бўйича таклифлар берилди.

Бундан ташқари, SpaceX вакили Ўзбеккосмос агентлиги бош директори Шуҳрат Кадиров билан ҳам ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Хусусан, SpaceX томонидан сунъий йўлдош орқали юқори тезликдаги кенг полосали Интернетга уланиш учун амалга оширилаётган Starlink лойиҳасини Ўзбекистон бозорига кириши муҳокама этилди.

Мулоқот якунида томонлар келгусида ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга ва ҳамкорлик қилишга тайёр эканини таъкидлади, дейилади агентлик хабарида, бироқ қайси масалада ҳамкорлик йўлга қўйилишига аниқлик киритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 10 май куни президент қарори билан Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида космик фазони тинчлик мақсадларида тадқиқ этиш ва фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим тасдиқланганди. Мазкур Битим 2021 йил 6 декабрда Нур-Султон шаҳрида имзоланган.

Қолаверса, сешанба куни UniSat таълим дастурининг 20 нафар ўқувчи-қизи Навоий вилоятида ўзи ясаган ултразамонавий нано сунъий йўлдошини стратосферага учиргани ҳақида ёзгандик. Қизлар унинг ёрдамида ҳавонинг ифлосланиши ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилади.

 

Манба: www.gazeta.uz