×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Италияга ташрифдан пировард мақсад манфаатли келишувларга эришишдир

Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси шу кунларда расмий ташриф билан Италия давлатида бўлиб турибди. Делагация таркибида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Элдор Туляков ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги директорининг ўринбосари Ойбек Элмуратов ҳам бор. Таъкидлаш жоиз, ушбу ташриф Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган.

Жорий йилнинг 19-21 ноябрь кунларига мўлжалланган ташриф кунларида Ўзбекистон ишбилармон доиралари вакиллари Италиянинг қатор компаниялари мутасаддилари билан юзма юз учрашувлар ўтказиб, муҳим келишувларга эришиш, шу жумладан, мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган янгиланишлар, давлатимизнинг улкан имкониятлари ва салоҳияти билан италияликларни батафсил таништиришни мақсад қилишган.

Делегация аъзолари дастлаб «Паблисис Групп» компанияси билан ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилишди. Маълумки, дунёнинг 110 давлатида 78 000 нафардан ортиқ ходимга эга ушбу компания реклама ва алоқа хизматлари бўйича дунёда тўртинчи ва Европа бозорида биринчи ўринни эгаллайди.

Компания президенти жаноб Анжело Байоччи меҳмонларни ўз офисида қутлар экан, кейинги 3 йил мобайнида Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги босқичдаги иқтисодий ислоҳотлар натижаларига юқори баҳо бериб, қадимий Буюк ипак йўли йўналишининг тикланиши, инвестицияларни жалб этиш борасидаги ташкилий-ҳуқуқий асосларнинг қонун билан янада мустаҳкамланаётгани, олиб борилаётган очиқ ва шаффоф ташқи сиёсат дунё давлатлари йирик инвесторларининг диққат-эътиборини тортаётганини эътироф этди.

Жаноб Анжело Байоччи, шунингдек, Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизациясида алоҳида ўрин тутувчи бой маданий-маънавий меросига алоҳида урғу бериб, бу борада Ғарб ва Осиё давлатлари бўйлаб кенг тарғибот ишларини (ребрендинг) ўтказиш таклифини билдирди. Хусусан, Ўзбекистонда бугун бўлаётган ўзгаришлардан жаҳон ҳамжамиятини доимий хабардор қилиб бориш, мамлакатнинг ижобий имижини шакллантириш ва нуфузини оширишда дунёнинг етакчи ОАВлари ва йирик медиа тузилмалари билан ҳамкорлик қилиш масалаларида «Паблисис Групп» компанияси ҳар қандай кўмакка тайёр экани таъкидланди.

Делегация аъзолари кейинги учрашувни «Ин3акт» компанияси таъсисчиси ва бошқарувчиси жаноб Давид Ронкальони билан ўтказишди.

2004 йилда ташкил этилган мазкур стратегик консалтинг компанияси ривожланиш йўлидаги муаммоларни ҳал қилиш учун инновацион фикрлаш, прагматик ёндашув ва амалий ёрдам билан бизнесга мослаштирилган ва “профилли” ечимларни таклиф этувчи компания сифатида Европа, Россия ва Хитойда ишончли шерик сифатида тан олинган.

Муҳокамалар чоғида томонлар Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини изчил ривожлантириш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аграр секторнинг экспорт салоҳиятини ошириш масалаларида ўзаро фикр алмашдилар.

Жаноб Давид Ронкальони Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини сертификатлаш ва экспортни тарғиб қилиш, бунинг учун тақиқланган кимёвий ва генетик модификацияланган организмлардан (ГМО) маҳсулотларнинг “тозалигини” тасдиқловчи мураккаб босқичли лаборатория тадқиқотлари тизимини жорий этишда ҳамкорликка шай эканини билдирди. Шу билан бирга, маиший чиқиндиларни қайта ишлашнинг замонавий технологияларини Ўзбекистонга олиб кириш ҳамда улар ёрдамида табиий газ ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳар икки томон учун ҳам манфаатли экани таъкидланди.

Музокаралар якунига кўра, томонлар ўзаро ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш юзасидан “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва келишилган мақсадларни амалга ошириш борасида бор куч ва салоҳиятларини сафарбар этишга келишиб олдилар.

Ўзбекистон делегациясининг Италияга ташрифи давом этмоқда.