×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Хитойнинг «Yilin Bagu Group» компанияси билан учрашув бўлиб ўтди

10 декабр куни Хитойнинг «Yilin Bagu Group»  бош директори Екатерина Ху билан Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлигида учрашув ташкил этилди.

Агентлик мутахассислари томонидан йиғилиш иштирокчиларига Агентликнинг асосий вазифалари ҳамда хорижий инвесторларга ахборот ва маъмурий ёрдам кўрсатиш бўйича асосий ваколатлари тўғрисида маълумотлар берилди.

Хитой компанияси билан музокаралардан мақсад тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида Ўзбекистон Республикаси томонидан таклиф этилаётган инвестициявий имкониятларни муҳокама қилиш эди.

Ху хонимнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикасида Хитой-Ўзбекистон анъанавий тиббиёт марказининг очилиши режалаштирилган. Лойиҳани амалга оширишда тахминан 5 миллион доллар сарфланди, хусусан, марказни энг замонавий тиббий ускуналар билан таъминлашга алоҳида эътибор берилди.

Айни пайтда Нукус шаҳрида (Қорақалпоғистон Республикаси) лойиҳани амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинмоқда. Шу жумладан, доривор ўсимликларни (асосан ферула) тадқиқ этиш ва қайта ишлаш заводи қуриш ҳамда фармацевтика препаратлари ишлаб чиқариш лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

Шу муносабат билан, Хитой вакиллари эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ) ҳудудида ҳамда ЭИЗ ҳудудидан ташқарида хорижий инвесторларга тақдим этилаётган имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумот сўрадилар. Шунингдек, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун, лойиҳалаштирилган заводнинг қурилиши ва жиҳозлари билан боғлиқ бўлган Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган товарларга ҚҚС тўлашдан озод қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига мувофиқ анъанавий тиббиётни ривожлантиришга яратилаётган шароит ва имтиёзлар тўғрисида саволлар берилди.

Учрашув охирида Агентлик мутахассислари имтиёзли товарлар рўйхатлари билан таққослаш мақсадида уларни кейинчалик Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитасига юбориш учун импорт қилинадиган ускуналар ва бошқа товарлар учун ТИФТН кодларини аниқлашда ўз ёрдамларини таклиф қилдилар.