×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

БАА давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиради

Жорий йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумат ишлари вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гергави билан учрашув ўтказди.

Музокаралар чоғида БАА ҳукумати билан 2019 йил апрель ойидан буён биргаликда руёбга чиқарилаётган давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш дастурини ҳаётга жорий этиш доирасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг натижалари муҳокама қилинди.

Сўнгги 3 йил ичида Дастур доирасида 142 та семинар ўтказилгани, 25 та йўналишда 175 та ташаббус, шу жумладан “Ҳукумат акселератори”, “Бир миллион дастурчи”, “Ёш раҳбарлар” каби лойиҳалар ҳамда мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ҳаётининг турли соҳаларини қамраб олган бошқа муҳим ташаббуслар илгари сурилгани таъкидланди.

Томонлар ҳар бир йўналишда аниқ лойиҳа ва ташаббусларнинг амалга оширилишини батафсил кўриб чиқиб, уларнинг самарадорлиги ва амалий аҳамиятини қайд этдилар. Давлат бошқаруви, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларнинг янги йўналишларини қамраб олишни назарда тутган ҳолда ҳамкорликни давом эттириш ва кенгайтиришдан ўзаро манфаатдорлик таъкидланди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва БАА ўртасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш соҳасидаги ҳамкорлик муддатини кейинги уч йилга узайтириш тўғрисида Битим имзоланди.

Янгиланган Дастурнинг концепцияси молия, таълим, иқтисодиёт, давлат бошқаруви, озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги, божхона ва логистика соҳаларида Бирлашган Араб Амирликлари кўмагида янги ўқув дастурлари, малака ошириш ва бошқа тадбирларни ташкил этишни назарда тутади.

                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                       Manba:mift.uz