×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

ЕТТБ билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ЕТТБ вице-президенти Юрген Ригтеринк бошчилигидаги Европа тикланиш ва тараққиёт банки делегациясини қабул қилди.

Учрашувда, шунингдек, ЕТТБ Бош котиби Когучи Казухико, Марказий Осиё ва Мўғулистон бўйича ЕТТБ бошқарувчи директори Жужанна Харгитай ва ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарияти иштирок этди.

Суҳбат давомида мазкур молия муассасаси ва Ўзбекистон ўртасида устувор йўналишлардаги ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, сўнгги икки йил ичида ЕТТБ томонидан киритилган маблағлар бўйича минтақа давлатлари орасида Ўзбекистон биринчи ўринда ва 2021-йилда ЕТТБ томонидан амалга оширилган инвестициялар йўналишларининг бешлигида эканлиги таъкидланди. Томонлар, шунингдек, ЕТТБнинг 2018-2023-йилларга мўлжалланган Мамлакатлар стратегиясининг Янги Ўзбекистонни 2022-2026-йиллар мўлжалланган тараққиёт стратегияси билан мувофиқлигини мамнуният билан қайд этдилар. Стратегияда хусусий секторни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, минтақавий ва халқаро ҳамкорлик ва интеграцияни кенгайтириш, экологик тоза энергия ва ресурс ечимларини илгари суриш каби йўналишлар акс этган.

Инвестициявий ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, 2018 йилдан то ҳозирги кунгача ЕТТБ Ўзбекистонда энергетика, сув таъминоти ва қаттиқ чиқиндиларни қайта ишлаш йўналишларини ривожлантириш соҳаларида 13 та лойиҳани амалга оширмоқда. Бундан ташқари, ишлаб чиқилаётган янги инвестиция лойиҳалари портфели умумий қиймати 924 миллион долларлик ортиқ 8 та лойиҳадан иборат. Томонлар жорий ва янги лойиҳа ташаббусларини жадал ривожлантириш бўйича кейинги ҳамкорлик форматини белгилаб олдилар.

Ўзбекистонда давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва капитал бозорини ривожлантириш каби устувор иқтисодий ва таркибий ислоҳотларни ЕТТБ томонидан қўллаб-қувватлаш истиқболлари муҳокама қилинди. Мавзу бўйича олиб борилган музокарада Банк раҳбарияти мамлакатда амалга оширилаётган таркибий ўзгаришларнинг изчиллиги ва ўз вақтидалигини юқори баҳолаб, уларни рўёбга чиқариш борасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

Томонлар, шунингдек, халқаро тадбирларни, жумладан, 2023-йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган ЕТТБ Бошқарувчилар Кенгашининг йиллик йиғилишини юқори ташкилий даражада ўтказишга тайёргарлик масалаларини ҳам кўриб чиқдилар. Тадбирларни энг юқори ташкилий ва мазмун жиҳатидан юксак даражада ўтказиш мақсадида ЕТТБ техник миссияси билан яқин ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув якунида музокаралар давомида кўриб чиқилган қўшма дастур ва ташаббусларни илгари суриш бўйича навбатдаги тадбирлар белгиланди.

 

Манба: mift.uz