×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Кўп қиррали ўзбек-турк ҳамкорлигини ривожлантиришда устувор вазифалар белгилаб олинди

Жорий йилнинг 28 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ўзбекистонга ишчи ташриф билан келган Туркия Республикаси вице – президенти Ф.Октай билан учрашди.

Конструктив мулоқот чоғида томонлар икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилдилар, шунингдек, уни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.

Икки Давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига кўтарилганлиги ва ҳозирги вақтда ҳам пандемия ҳамда жорий этилган карантин чекловлари оқибатида юзага келган жаҳон иқтисодиётининг пасайишига қарамай, жадал ривожланаётганлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, олий даражадаги икки томонлама тадбирларга, хусусан, Стратегик ҳамкорлик Кенгашининг жорий йилдаги 2-йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Иқтисодий шерикликни ошириш масалалари кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, жорий йилнинг январь ойидан май ойига қадар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 83 фоизлик ўсиш билан 1,3 млрд долларни ташкил этди. Яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини йилига 5 миллиард долларга етказиш учун барча зарур чораларни кўриш бўйича ўзаро ниятлар овоза қилинди.

Шу нуқтаи назардан икки мамлакат ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масалалари муҳокама қилинди. Мавжуд масалалар бўйича якуний келишувларга эришиш ва яқин келажакда икки томонлама музокараларнинг навбатдаги раундини ўтказиш мақсадида ушбу йўналишдаги ҳамкорлик янада жадаллашади.

Ўзбекистонда иқтисодиётни ва давлат бошқарувини рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар ушбу соҳада долзарб муаммоларни ҳал қилиш ҳамда Туркия тажрибасидан фойдаланиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида ахборот технологиялари ва инновациялар соҳалари мутахассисларидан иборат қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.

Шунингдек, инвестиция муҳитини яхшилаш, минтақавий ривожланиш, махсус иқтисодий зоналар самарадорлигини ошириш ва бошқа соҳаларда Туркия тажрибасини Ўзбекистонда жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Туркиялик экспертларни жалб қилган ҳолда бу соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди. Туркиялик экспертларни жалб қилган ҳолда бу соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.

Туркиянинг халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда, техник ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

Учрашув якунида муҳокама этилган масалалар ва йўналишлар доирасида ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича аниқ чоралар ва навбатдаги тадбирлар белгиланди.

https://mift.uz/