×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон Президенти Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида Корея Республикасининг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Тадбирда Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазири Мун Син Ук, Корея халқаро савдо уюшмаси раиси Кристофер Ку, Корея Эксимбанки, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), «SK Ecoplant», «Posco», «Samsung», «SK Nexilis», «Youngone», «KIA Motors», «K-water», «KT-Net» ва кўплаб бошқа компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

Хорижий ташрифлар чоғида бундай учрашувлар ўтказиш яхши анъанага айланган. Хусусан, Ўзбекистон Президенти 2017 йилда Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи доирасида йирик бизнес-форум ўтказилган эди. 2019 йилда эса давлат раҳбарлари Тошкентдаги қўшма бизнес-форумда иштирок этдилар. Ушбу тадбирлар натижасида ишбилармонлар ўртасида ишонч кучайди, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шериклик фаоллашди. Мамлакатимиз иқтисодиётининг барча соҳаларига бозор механизмларини жорий қилиш борасидаги жиддий янгиланишлар амалга оширилаётгани ҳам ҳамкорликнинг кенгайишига хизмат қилмоқда. Биргаликда бизнес юритишга ҳалал берган тўсиқлар бартараф этилди.

– Мамлакатимизда бошланган ўзгаришлар ортга қайтмайди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Янги Ўзбекистон стратегиясида мамлакатимизда тадбиркорлар учун энг қулай шароитлар яратиш, хорижий бизнес фаолиятини кенгайтириш ишларини давом эттириш кўзда тутилган. Ўзбекистоннинг ишончли дўсти ва алоҳида стратегик шериги – Корея Республикаси билан барқарор, ишончга асосланган ва жадал ривожланиб бораётган ҳамкорликни қадрлаймиз.

Икки давлат ўртасида, шу жумладан савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида тизимли алоқалар йўлга қўйилган. Махсус ишчи гуруҳ фаолият юритмоқда. Ўзбекистон Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигида Корея Республикаси билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун масъул алоҳида департамент тузилган.

Бундай эътибор ва тизимли ишлар натижасида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган юқори даражага кўтарилди. Товар айирбошлаш икки баробарга ортиб, 2,2 миллиард долларни ташкил этди. Ўзбекистон иқтисодиётида Кореядан йўналтирилган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 7 миллиард доллардан ошди. Кейинги беш йилда мамлакатимизда Корея сармояси иштирокидаги корхоналар сони икки баробар кўпайди. Бугун улар мингтадан ортиқ. Кореялик компаниялар билан биргаликда Ўзбекистонда умумий қиймати 9 миллиард доллардан зиёд 52 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Корея компанияларини биргаликда янги, кенг кўламли ташаббусларни ишлаб чиқишга чақирди.

Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда фаол тадбиркорлик учун яратилган шароитларни юксак баҳолади ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришга катта қизиқиш билдирди.

Учрашувда Корея компаниялари билан ҳамкорликда рақамлаштириш, “яшил” энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, фармацевтика, геология соҳалари ва бошқа кўплаб йўналишларда умумий қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ 40 та янги лойиҳани амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

 Президент Шавкат Мирзиёев бу режаларни маъқуллаб, мутасаддиларга аниқ муддатларини белгилаган ҳолда тегишли “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга топшириқ берди.

– Бош мақсадимиз – Корея бизнеси Ўзбекистонда қулай муҳитни ҳис этиб фаолият юритсин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз Корея компаниялари раҳбарларини Ўзбекистонга келиш ва у ерда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлардан фойдаланишга таклиф этди.

Шу билан Ўзбекистон Президентининг Корея Республикасига давлат ташрифи якунига етди, давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.

 

president.uz