×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

“Марказий Осиё + Япония” мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг учрашуви тўғрисида

2022-йил 24-декабрь куни Токио шаҳрида “Марказий Осиё+Япония” мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг 9-йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Япония ташқи ишлар вазирлари Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасида транспорт боғлиқлиги, логистика, саноат кооперацияси, соғлиқни сақлаш, таълим ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш соҳаларида икки ва кўп томонлама шакллардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Учрашувда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Мамлакатимиз делегацияси раҳбари, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Норов ўз нутқида Япония Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини таъминлашда ишончли ҳамкор эканлигини, минтақа мамлакатлари иқтисодиётини саноат ва инфратузилма модернизациясига салмоқли ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

Сўнгги йилларда Марказий Осиёда янги сиёсий муҳит шакллангани, кўплаб масалалар ҳал этилгани, иқтисодий ҳамкорлик кенгайтирилгани, инсонлар ўртасида эркин мулоқот учун шароит яратилгани алоҳида қайд этилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2016-йилдан 2021-йилгача Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробарга ошиб, 6,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Шу нуқтайи назардан, Марказий Осиё мамлакатлари ва Япония ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, жумладан, “Марказий Осиё+Япония” бизнес-мулоқотини ўтказиш, Япония ноу-хау ва инвестицияларини жорий этиш, саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт тизимини рақамлаштириш, барқарор энергия таъминоти, “яшил” кун тартибини илгари суриш, тиббиёт муассасалари ва корхоналарини яратишда Япониядан грант маблағларини жалб қилиш бўйича ташаббуслар эълон қилинди.

Кадрлар малакасини ошириш, миграция, туризм, маданият соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштириш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди.

 

Манба: mfa.uz