×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

ИТСВ ва «Сколково»: таълим экотизимини шакллантириб, стратегик ва амалий менеджмент даражасини бирлаштирамиз

Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков “Сколково” Москва бошқарув мактаби ректори Ю.Левин билан учрашди.

Учрашув давомида томонлар таълим ва касбий тайёргарлик соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилдилар.

Хусусан, мулоқотда бошқарув кадрларининг касбий тайёргарлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун Ўзбекистонда қўшма таълим экотизимини яратиш ташаббусига тўхталиб ўтилди.

Ушбу таълим экотизимининг жорий этилиши нафақат давлат тузилмалари кадрларини, балки хусусий бизнеснинг топ-менежерларини тайёрлашга қаратилганлиги сабабли, томонлар Ўзбекистон таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини бизнесни бошқариш соҳасида ўқитишда ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини ҳам кўриб чиқдилар.

Маҳаллий бозор шароитларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳа кўзлаган мақсадларга эришишни таъминлашни назарда тутиб, гуруҳларда ўқитишнинг фаол усули амалиётидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон ишбилармон доиралари вакиллари учун ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ҳамкорликнинг долзарблиги қайд этилди.

Шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида ихтисослаштирилган “Ўқув маркази”ни ташкил этишнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди. Уни яратишдан мақсад турли даражадаги ходимлар учун ўқув курсларини ташкил этиш, сўнгра уларнинг касбий фаолияти самарадорлигини назорат қилиш билан ташқи савдо ва инвестиция фаолияти бўйича мутахассисларнинг малакасини оширишдир. Тингловчилар контингенти давлат тузилмалари ходимларидан, шу жумладан маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларидан ҳамда Ўзбекистон Республикасининг йирик хусусий компаниялари вакилларидан иборат бўлади. Инвестицияларни бошқариш ва лойиҳа цикли, лойиҳаларни маъмурий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, инвестиция лойиҳаларининг молиявий-иқтисодий жиҳатлари, ҳисоб-китобларнинг халқаро шакллари, божхона қонунчилиги, инфратузилма ва ташқи иқтисодий фаолиятни автоматлаштириш каби соҳаларда қисқа муддатли ва ўрта муддатли дастурлар доирасида малака ошириш учун ўқув курсларини ташкил қилиш режалаштирилди.

“Сколково” Москва бошқарув мактаби билан ҳамкорлик стратегик ва амалиёт бошқарув даражасини бирлаштиришга имкон берадиган таълим тизимини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш, шунингдек ташқи иқтисодий фаолият самарадорлигини ошириш учун чуқур билим ва кўникмаларга эга бўлиш имкониятини беради.

Учрашув якунлари бўйича халқаро иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва ташқи савдо бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум тасдиқланди. Ҳужжат мактаб ректори Ю.Левин ва Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Ҳ.Тешабаев томонидан имзоланди.

Ҳужжат шартларига кўра, “Сколково” давлат муассасалари, шунингдек, Ўзбекистон давлат ва хусусий компаниялари ходимларининг малакасини ошириш лойиҳаларининг ҳамкори сифатида фаолият юритади. Жойларга чиқиб амалиётларни ўтказиш, махсус ўқув модулларини яратиш ва тажриба алмашиш тадбирларини ташкил қилиш кўзда тутилган.

 

Манба: mift.uz