×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

“Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” ташаббусини йўлга қўйиш тўғрисида Америка Қўшма Штатлари, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг қўшма баёноти

Қуйидаги баёнот матни Америка Қўшма Штатлари, Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ҳукуматлари томонидан эълон қилинди.

Матн бошланиши:

Америка Қўшма Штатлари, Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ҳукуматлари “Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” ташаббуси йўлга қўйилганлигини эълон қилишмоқда. Иштирокчилар бошқа мамлакатларни минтақавий иқтисодий шериклик ва фаровонликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ушбу ташаббусга қўшилишларини олқишлайдилар.

Мазкур ташаббус орқали АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC), Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилувчи “Остона” Халқаро молия маркази, Марказий Осиё ва минтақадаги хусусий сектори ўсишига ҳамда иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун беш йил ичида камида 1 миллиард доллар маблағларини жалб этиш мақсадида барча имкониятларни ишга соладилар.

“Марказий Осиё инвестициявий шериклиги”нинг мақсади халқаро инфратузилма сифат стандартларига жавоб берадиган ҳамда инклюзив, шаффоф ва барқарор инвестициялар ҳажмининг ўсишига кўмаклашувчи хусусий сектор соҳасидаги лойиҳаларни илгари суришдан иборат бўлади. Шундай қилиб, шериклар лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга ҳисса қўшади ва минтақага қўшимча хусусий инвестициялар кириб келишини фаоллаштиради.

“Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” АҚШнинг Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш ва фаровонликни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳаётга татбиқ этишдаги муҳим қадамдир. “C5+1” платформаси орқали амалга оширилаётган ушбу ташаббус Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва ўсишини таъминлаш мақсадида савдо-сотиқни ошириш, комплекс ривожланишни рағбатлантириш ва кўп томонлама алоқаларни чуқурлаштириш учун барча мавжуд имкониятлардан фойдаланишга интилади.

Минтақа COVID-19 пандемиясининг иқтисодий оқибатларини енгиб ўтишга интилар экан, бундай ҳамкорлик ва барқарорлик ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ.

“Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” ҳар бир Марказий Осиё мамлакатининг ривожланиш ва гуллаб-яшнашга интилишига асосланади.

Минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашдан ташқари, DFC Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Қозоғистон Республикаси Ҳукумати манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилувчи “Остона” халқаро молия маркази билан ўзаро англашув меморандумларини имзолаш ҳамда инвестиция жамғармалари фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганиш орқали Марказий Осиёда шерикликни чуқурлаштиришда давом этади.

https://mift.uz/