×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси О.Бекарни қабул қилди.

Учрашув чоғида икки томонлама муносабатларнинг сермазмун кун тартиби, жумладан, инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Ишлаб чиқилаётган лойиҳалар, дастурлар ва тадбирлар атрофлича кўриб чиқилди. Томонлар қўшма инвестиция лойиҳаларининг сонини кўпайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини оширишга қаратилган чораларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратдилар. Шу ўринда Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини келишиш юзасидан олиб борилаётган ишларни маромига етказишни жадаллаштириш бўйича якдил қарорга келинди.

Турк инвесторларининг Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ бир қатор масалалар ҳам тилга олинди. Томонлар уларнинг ечимини топиш алгоритмларини муҳокама қилиб, тегишли лойиҳаларни илгари суриш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб олишди. Ўзбекистон томони туркиялик тадбиркорлар билан яқин ҳамкорлик қилиш ва юзага келаётган масалаларни ҳал этишда уларга тезкор амалий ёрдам кўрсатишга содиқлигини билдирди.

Алоҳида тартибда икки мамлакатнинг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини кенгайтириш ва транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича кейинги қадамлар муҳокама қилинди. Икки давлатни боғловчи транспорт йўлакларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш учун икки томон вакилларидан иборат эксперт гуруҳини тузишга келишилди.

Учрашув якунида юқоридаги масалаларнинг жорий ҳолатини ўрганиш ва уларни ҳал этишга доир зарур чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан алоҳида “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.

 

mift.uz