×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

“Cotton Campaign” халқаро коалицияси билан ўзаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди

Жорий йилнинг 9 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков “Cotton Campaign” халқаро коалицияси ҳамда Америка “Масъул харидорлар тармоғи” ҳуқуқни ҳимоя қилувчи нотижорат ташкилоти (ННТ) раҳбарияти билан учрашув ўтказди.

Томонлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, бозор тамойилларига асосланган очиқ иқтисодиётни яратиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакатда мажбурий меҳнат амалиётини бартараф қилиш бўйича эришилган ютуқларни ҳар томонлама муҳокама қилдилар.

Хорижий делегация Ўзбекистон томонидан ушбу соҳаларда эришилган муваффақиятни, хусусан, 2021 йилда Европа Иттифоқининг «GSP+» Преференциялар бош тизимининг бенефициар мақомини олиши ва Буюк Британиянинг «GSP Enhanced framework» Преференциялар Бош тизимининг Кенгайтирилган схемасига қўшилиши, шунингдек, мамлакатда тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилишини эътироф этди.

Меҳнат соҳасида ҳуқуқбузарликларини мониторинг қилиш ва олдини олиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, меҳнат ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида Халқаро меҳнат ташкилоти, Иш берувчилар Конфедерацияси, Касаба уюшмалари Федерацияси, фуқаролик жамияти вакиллари, фермер хўжаликлари ва пахта кластерлари раҳбарлари билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланди.

Томонларнинг фикрига кўра, ушбу чора-тадбирлар мамлакатда масъулиятли етказиб берувчилар ва иш берувчилар сонини кўпайтиришга ва уларнинг халқаро таъминот занжирларига қўшилишига самарали ёрдам беради. Умуман олганда, бу Ўзбекистоннинг ҳамкор давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларини янада чуқурлаштиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, маҳаллий корхоналарда корпоратив ижтимоий жавобгарлик тамойилларини жорий қилиш, пахта кластерлари ва фермер хўжаликларини ишлаб чиқаришда энергия тежайдиган ва сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланишга ундаш, шунингдек, тегишли халқаро ташкилотлар билан ушбу соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлларини кўриб чиқдилар.

Учрашув якунида ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича фаол ва доимий мулоқот қилиш юзасидан ўзаро манфаатдорлик билдирилди ва амалий ҳамкорликни изчил чуқурлаштириш бўйича келишувга эришилди.

 
 
Манба: mift.uz