×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Тожикистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Д.Саид билан учрашди.

Учрашув чоғида инвестициялар, савдо, энергетика, сув хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперацияси тобора ўсиб бориш тенденцияси билан ажралиб туриши таъкидланди. Жумладан, ҳозирги кунда Тожикистонда ўзбек капитали иштирокидаги 64 корхона, Ўзбекистонда эса 252 Тожикистон компанияси фаолият кўрсатмоқда. Томонлар амалдаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар, шунингдек, янги истиқболли ташаббусларни ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштириш бўйича ишларни жадаллаштиришга келишиб олдилар.

Таъкидландики, ўтган 5 йил мобайнида ўзаро савдо ҳажми қарийб 3 баробар ўсди ва жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоизга ошди. Томонлар Ўзбекистон-Тожикистон товар айланмаси ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича биргаликдаги ишларни фаоллаштириш юзасидан якдил фикр билдирдилар ҳамда ушбу йўналишда келгусидаги ҳамкорлик механизмларини муҳокама қилдилар.

Шу нуқтаи назардан, чегара зонасида ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, логистика ва улгуржи тарқатиш инфратузилмасини ўз ичига олган “Ўзбекистон-Тожикистон” эркин саноат-савдо зонасини яратиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Янги энергия ишлаб чиқариш қувватларини қуриш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда энергетика ва сув ресурслари соҳасидаги ҳамкорлик масалалари алоҳида тартибда кўриб чиқилди.

Учрашув якунида иштирокчилар икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича вазифаларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб олдилар.

 

Манба: mift.uz