×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ҳиндистон ва Хитой билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ҳиндистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари юзасидан видеоконференция шаклида йиғилиш ўтказди.

Учрашувда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий ҳокимият органлари, шунингдек, мамлакатимизнинг Ҳиндистон ва ХХРдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Ҳиндистон билан икки томонлама ҳамкорлик кун тартибидаги масалалар, жумладан, инвестициявий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва муносабатларнинг янги йўналишлари батафсил кўриб чиқилди. Ўзбекистон делегациясининг 2021 йил декабрь ойида Ҳиндистонга ташрифи якунлари муҳокама қилинди. Ташриф мақсади Ҳиндистоннинг тегишли вазирликлари, идоралари ва компаниялари билан биргаликда янги лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқишдан иборат эди. Бугунги кунда соғлиқни сақлаш, фармацевтика, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмавий ривожланиш, таълим ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларидаги аниқ лойиҳа ва тадбирларни ўз ичига олган янги кенг қамровли ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилаётгани таъкидланди.

Вазирлик ва идоралар раҳбарларига қисқа муддатларда мустаҳкам келишувларга эришиш учун ҳиндистонлик ҳамкорлар билан мавжуд барча масалаларни устида иш олиб бориш юзасидан манзилли кўрсатмалар берилди. Шунингдек, ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшимча таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида барча йўналишларда ишларни фаоллаштириш топширилди.

Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон Ҳукуматлараро комиссиясининг 13-йиғилиши ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форумни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масалалар алоҳида муҳокама қилинди.

Ҳудди шу тартибда ХХР билан кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Инвестициявий шериклик ва ўзаро савдонинг барқарор ўсиб бораётган кўрсаткичлари фонида бугунги кунда икки давлатнинг иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтириш учун кенг имкониятлар ва ишга солинмаган катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

Ҳукуматлараро ва идоралараро ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари, жумладан, қатор икки томонлама тадбирларни ташкил этиш чоралари кўриб чиқилди. Режалаштирилаётган тадбирларнинг иқтисодий кун тартибини бойитиш ҳамда хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда муносабатларни кенгайтириш ва янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича янги таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

“Ўзбекистон–ШҲТ” саноат зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди. Мутасадди раҳбарларга зарур инфратузилмани яратиш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш учун бўлажак инвесторларни жалб этиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш ишларини тезлаштириш топширилди.

Учрашув якунида вазирликлар, идоралар, тижорат банклари, маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда Ўзбекистоннинг Ҳиндистон ва ХХРдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларига белгиланган вазифалар доирасида қўшимча топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

 

mift.uz