×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Инвестицион ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 15 апрель куни Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари У.Абруев, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Р.Усмонов, “Organisation of Islamic Corporation International Business Centre” (OICIBC) компанияси бош директори Мухаммад Раджа Талиб ҳамда Инвестициялар ва Ташқи савдо вазирлиги ва Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази вакиллари иштирокида видеоконференция ташкил этилди.

Тадбир чоғида Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва инвестицион салоҳиятини Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо мамлакатлар орасида олға суриш бўйича Хорижий инвесторларни жалб этиш агентлиги ва OICIBC ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

У.Абруев ўз нутқида иштирокчиларни Агентлик фаолияти, хорижий инвесторларга зарур маълумотлар бериш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича вазифалар ҳамда Ўзбекистонда инвестиция соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, шунингдек, инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, жумладан, уларнинг бизнес юритишлари учун берилаётган имтиёзлар билан яқиндан таништирди.

OICIBC бош директори М.Талиб истиқболли инвестиция лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш учун Малайзия ва ИҲТ га аъзо мамлакатлардан Ўзбекистонга салоҳиятли инвесторларни жалб қилишда кўмаклашишга ҳамда мамлакатимизнинг чет элдаги ижобий бизнес имиджини янада олға суришга қаратилган ИҲТ га аъзо мамлакатларнинг етакчи саноат ва савдо компаниялари вакиллари иштирокидаги халқаро тадбирларни биргаликда ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқишга тайёр эканлигини таъкидлади.

Қайд этиш жоизки, OICIBC хусусий компанияси 2003 йилда Малайзия бош вазири А.Бадави ташаббуси билан давлат идоралари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирокидаги халқаро тадбирлар (конференция, бизнес-форум, семинар ва бошқалар) ташкил этиш ҳамда “OIC Today” журнали ва веб-ресурслари ҳамда Куала-Лумпур кўчаларида ўрнатилган LED экранлари орқали ИҲТ га аъзо мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий, сармоявий, молиявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.

Тадбир якуни бўйича Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги ва OICIBC ўртасида англашув Меморандумини имзолаш имкониятларини кўриб чиқиш ҳамда икки мамлакатда ҳам пандемия билан боғлиқ вазият барқарорлашганидан сўнг 2021 йил Тошкентда Бутунжаҳон мусулмонлар бизнес-форумини ўтказиш имкониятларини муҳокама қилиш учун ушбу компания вакилларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.