×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва ОТБ ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Осиё тараққиёт банки (ОТБ) вице-президенти Ашок Лаваса билан учрашди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон ва ОТБ ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

ОТБ раҳбарияти сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида хусусий секторнинг ролини мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар яратилганини маълум қилди. Шу муносабат билан хусусий сектор лойиҳаларини, айниқса, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун Банк ресурсларини жалб қилишни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий соҳаларда давлат-хусусий шериклик механизмларидан фойдаланган ҳолда қўшма лойиҳаларни кўриб чиқдилар. Ашок Лаваса Банк ДХШ соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлади. ДХШ механизмларидан фойдаланган ҳолда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги мактаб ва бошқа муассасаларни модернизация қилиш, шунингдек, Андижон ва Бухорода кўп тармоқли шифохоналар қуриш лойиҳаларининг ҳамкорлик кун тартибига киритилгани бундан далолат беради.

Учрашув давомида амалдаги лойиҳаларни илгари суриш, транспорт, электр энергияси ва соғлиқни сақлаш соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат-хусусий шериклик механизмини ишлаб чиқиш ва жорий этишга ОТБ мутахассисларини жалб қилиш, Ўзбекистонда тижорат банкларига тақдим этилаётган кредит линиялари ҳажмини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар келишиб олинди.

Шунингдек, алоҳида лойиҳа ва ташаббуслар билан боғлиқ масалалар, жумладан, мамлакатимиз ҳудудларидаги бошланғич мактабларни модернизация қилиш ва жиҳозлаш дастури, “Ўрта таълимда STEM (фан, технологиялар, муҳандислик ва математика) методологиясини жорий этиш” лойиҳаси, шунингдек, “We-Fi” тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури кўриб чиқилди.

Учрашув якунида вице-президент А.Лаваса ОТБ Президентининг Банк Президенти, вице-президентлари ва ОТБ Директорлар Кенгаши аъзоларининг иш ҳақи даражасини белгиловчи ОТБнинг мукофотлаш бўйича қўмитаси раиси лавозимига Ўзбекистондан Бошқарувчи номзодини кўрсатиш тўғрисидаги қарори ҳақида маълум қилди. Илгари бу лавозим анъанавий равишда G20 мамлакатлари вакиллари томонидан эгаллаб келинган.