×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонга 375 млн АҚШ долларилик имтиёзли кредит ажратади

Жорий йилнинг 18 май куни Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Директорлар кенгаши Ўзбекистонга коронавирус пандемиясининг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирларини юмшатиш мақсадида 375 млн. АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратишини маълум қилди.

Имтиёзли кредитлар 10 йиллик муддат билан (5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда) 125 млн. АҚШ долларига тенг фоизсиз тезкор кредитлаш линияси (Rapid Credit Facility) ва 5 йиллик муддат билан (3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда) фоиз ставкаси йиллик 1,05 фоизга тенг бўлган 250 млн АҚШ доллари миқдоридаги тезкор молиялаштириш инструментини (Rapid Financing Instrument) ўз ичига олади.

Мазкур маблағлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши кураш жамғармасига коронавирус пандемияси ва глобал инқирознинг салбий таъсирини юмшатиш чораларини молияштириш учун йўналтирилади.

“Анъанага кўра, ХВЖ қарзларни тақдим этиш жараёнида мамлакатдаги макроиқтисодий ҳолат ва давлат қарзига хизмат кўрсатиш хатарларини таҳлил қилади. Жамғарма томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича юқори салоҳиятни сақлаб қолмоқда”, — дейилади хабарда.

ХВЖнинг мақроиқтисодий ҳолат бўйича прогнозлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

– иқтисодий ўсишнинг 1,5% гача пасайиши;

– фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбатан 4,1% гача ошиши, шу жумладан соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган ҳаражатларнинг, ижтимоий кўмак учун тўловлар ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бошқа харажатлар ошган даврда солиқ имтиёзларининг тақдим этилиши;

– экспорт тушумлари ва халқаро пул ўтказмаларининг миқдори сезиларли даражада қисқариши оқибатида тўлов балансининг жорий операциялари бўйича тақчиллигининг ЯИМга нисбатан 10% гача ошиши.

ХВЖ ҳисоботида сўнгги уч йил давомида иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда республиканинг эришган муваффақиятлари ҳам таъкидланган. Хусусан, бир неча йиллик тегишли иқтисодий изоляциядан сўнг валюта сиёсати, ташқи савдо, назорат қилинадиган нарх-наволар либераллаштирилди, статистика маълумотлари очиқлиги ва сифати оширилди, давлат бюджети операцияларининг иқтисодий таснифи ва давлат молия статистикаси халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди, солиқ ислоҳоти амалга оширилди ва мамлакат парламенти илк маротаба давлат бюджетини маъқуллади.

Қарз маблағларидан фойдаланиш жараёнида шаффофлик таъминланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан мустақил аудит орқали амалга оширилади ҳамда унинг натижалари фискал йили якунлангандан сўнг 6 ой мобайнида эълон қилиб борилади.