×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

ИННОПРОМ-2022: Марказий Осиё – технологик жиҳатдан кескин ривожланиш макони

Жорий йилнинг 25 апрель куни “Иннопром. Марказий Осиё” Халқаро саноат кўргазмаси ўз ишини бошлади. Бу минтақада инвестициявий, саноат ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш, шунингдек, янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари корхоналари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантиришга қаратилган энг йирик тадбирдир. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги тадбир ташкилотчиларидир.

Кўргазманинг асосий мақсади инвестициявий, саноат, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсишига янги туртки бериш учун муштарак манфаатлар кесишадиган нуқталарини кашф этиш, шунингдек, ўзаро манфаатли лойиҳалар сонини кўпайтириш мақсадида ҳудудлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқот ўрнатишдир.

Бу йил кўргазмада қатнашиш учун МДҲ мамлакатлари, Франция, Италия, Голландия, Ҳиндистон, Ирландия ва Япониядан 5000 дан ортиқ иштирокчилар, 200 дан кўпроқ хорижий компаниялар ва бизнес делегациялари рўйхатдан ўтдилар. Шунингдек, Россия Федерацияси, Тожикистон, Белоруссия, Қирғизистон Республикаси, Озарбайжон, Туркманистон ва Мўғулистондан расмий делегациялар ҳам ташриф буюрди.

Кўргазманинг биринчи кунидаги муҳим воқеа “Марказий Осиё: технологик жиҳатдан кескин ривожланиш макони” шиори остида ўтказилган асосий ялпи мажлис бўлди. Унда иштирокчи мамлакатлар делегациялари раҳбарлари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Д.Мантуров, Беларусь Республикаси саноат вазири П.Пархомчик, Қирғизистон Республикаси иқтисодиёт ва савдо вазири Д.Амангелдиев, Арманистон Республикаси иқтисодиёт вазири В.Керобян, Тожикистон Республикаси саноат ва янги технологиялар вазири Ш.Кабиров ва бошқа расмийлар қатнашди.

Ялпи мажлисда сўзга чиққан Ўзбекистон делегацияси раҳбари С.Умурзаков Ўзбекистон томонидан кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, шаффоф бозор иқтисодиётини шакллантириш ва унда хусусий секторнинг ролини ошириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш ва савдо тўсиқларини бартараф этиш борасида эришилган ютуқларни санаб ўтди. Шунингдек, у мамлакатнинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида фикр юритди. Улар қаторига самарали маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш, саноатни рақамлаштириш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани ривожлантириш, хом ашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда тўлиқ товар ва хом ашё занжирларини яратиш орқали юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, инсон капиталини ривожлантириш ва ташқи савдони эркинлаштириш ҳам киради.

“Марказий Осиё давлатлари савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришнинг улкан салоҳиятига эга. Бугунги воқелик биздан Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш бўйича қатъий қадамлар қўйишни талаб этмоқда. Бизнинг иқтисодий ҳамкорлигимизнинг кўлами анча кенгроқ бўлиши ва бир-бирини тўлдириб, самарали кооперация асосида ривожланиши мумкин. Биз Ўзбекистонда бир неча йиллардан буён Марказий Осиёдаги ҳар бир қўшни давлат ва бошқа бир қатор давлатлар билан доимий равишда иқтисодиётларимиз имкониятларини бирлаштириш ва саноат кооперацияси йўналишида кескин ривожланишга эришиш учун “ўсиш нуқталарини” топиш мақсадида иш олиб бормоқдамиз”, – деди С.Умурзаков ўз нутқида.

Ўз навбатида, Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Д.Мантуров бу йилги кўргазманинг халқаро ва иқтисодий жиҳатдан ривожланишга йўналтирилганлигини таъкидлади. “Иннопром” сўзи ўзида бугунги кунда жаҳон миқёсидаги саноат ҳамкорлигига кооперация алоқалари қанчалик кириб бориши кераклигини белгилайди. “Иннопром” – бу халқаро саноат кооперацияси дегани. Бу сиёсий эмас, балки мамлакатларимиз иқтисодиётларини ривожлантириш учун асос бўла оладиган, янги кооперация алоқаларини жорий этаётган иқтисодий ва амалий платформадир”, деди у.

Сессия доирасида иштирокчилар саноат кооперацияси ва иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш нуқтаи назаридан фикр алмашдилар ва муштарак манфаатлар кесишадиган нуқталарни белгилаб, келгусида биргаликда иш олиб бориш учун аниқ таклиф ва ташаббусларни билдирдилар.

Кўргазма ўз ишини 26 ва 27 апрель кунлари давом эттиради. Унинг дастури доирасида янги технологияларни жорий қилиш, ҳудудий саноат сиёсатини мувофиқлаштириш ва амалга ошириш, саноат ривожланишини рағбатлантириш, шаҳар муҳитини яхшилаш, ишлаб чиқариш, рақамлаштириш ва автоматлаштириш йўналишларида кооперация механизмларини шакллантириш,  қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун инновацион молиявий маҳсулотлар жорий қилиш, шунингдек, минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг тажриба ва тасдиқланган амалиётлари алмашинуви борасида халқаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишга бағишланган панель мунозаралари ва алоҳида мавзулар бўйича сессиялар бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Халқаро кўргазма доирасида Ўзбекистоннинг турли тармоқларининг инвестициявий ва саноат салоҳиятининг тақдимотлари, саноат ишлаб чиқариш ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликнинг асосий масалаларини қамраб олган ўқув сессиялари ва бошқа тадбирлар, шунингдек В2В алоқалар биржаси ташкил этилади. Айрим тадбирлар Ўзбекистон ҳудудлари маъмуриятлари ва кўргазмада қатнашаётган мамлакатларнинг саноат компаниялари ўртасида муносабатларни ўрнатишга қаратилган. Кўргазмада намойиш этаётган инновацион саноат ишланмалари ва йирик ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари, бир қатор миллий, минтақавий ва корпоратив стендлар айнан шу нуқтаи назардан барча имкониятлар кўламини ўзида акс этади.

Манба: mift.uz