×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

“Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd.” МЧЖ устав капиталидаги давлат улушининг сотилиши юзасидан баёнот

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги 2021 йилнинг 6 августида “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ (Компания) устав капиталидаги 57,118 фоиз давлат улушини “Cоcа-Cоlа İçеcек А.Ş.” (CCI) компаниялар гуруҳига қарашли бўлган “CCI International Holland B.V.” корхонаси (Харидор) орқали 252,28 миллион АҚШ долларига сотиш бўйича келишувга эришилганлигини маълум қилган эди.

Ўзбекистон қонунчилиги талабларидан ҳамда Компаниянинг Устави ва фаолиятига доир бошқа ҳужжатлардан келиб чиқиб, давлат улушининг олди-сотди бўйича имзоланган Битим ижро этилиши учун талаб этиладиган зарур юридик талаблар бажарилди.

Жумладан, Компаниянинг иккинчи иштирокчиси «The Coca cola export corporation» (АҚШ) компанияси томонидан давлат улушини сотиб олишда ўзининг имтиёзли ҳуқуқидан воз кечиш тўғрисидаги тасдиғи ҳамда савдо бренди эгасининг Компанияда эгалик назорати ўзгаришига розилиги олинди.

Шунингдек, Битим шартларига мувофиқ, Харидор томонидан Туркия Республикаси Монополияга қарши комиссиясининг Битимга нисбатан тегишли хулосаси олинди.

Битимда қайд этилган, давлат улуши учун тўлов миқдори 2021 йил 28 сентябр куни Давактив агентлигининг Ғазначиликдаги махсус ҳисобрақамига келиб тушди.

2021 йил 29 сентябр куни Тошкент шаҳрида ўтказилган иқтисодий Форум тадбири доирасида Давактив агентлиги ва Харидор ўртасида Компаниядаги давлат улушини топшириш – қабул қилиш битими имзоланди.

Ушбу Битим Ўзбекистоннинг охирги 10 йилликдаги хусусийлаштириш тарихида ўзининг кўлами ва қиймати бўйича энг йирик битимлар сирасига киради.

Ўз навбатида, ушбу Компаниянинг хусусийлаштириш жараёни Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги хусусийлаштириш дастуридаги режаларининг нақадар ҳаётийлиги нуқтаи-назаридан кўплаб экспертлар, таҳлилчилар ва инвесторлар диққатини жалб этган бўлса, кўплаб бефарқ бўлмаган фуқаролар учун Компаниянинг кейинги тақдири нуқтаи-назаридан қизиқиш марказида бўлди.

Ушбу Битим доирасида республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилиши билан бирга, хусусийлаштириш амалиётига илғор халқаро амалиётни қўллаш бўйича катта тажриба ҳам ўзлаштирилди.

Давактив агентлиги, аввало ушбу Битим – Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари ва иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш бўйича чуқур ўйланган сиёсат натижаси эканлигини таъкидлайди.

Эришилган натижа учун Давактив агентлигининг молиявий маслаҳатчиси сифатида фаолият кўрсатган “Rothschild & Cie” инвестиция банки (Франция)нинг, юридик маслаҳатчи вазифасини бажарган “Dentons” юридик фирмаси (Буюк Британия)нинг ва Компанияни таҳлил қилиш ва баҳолаш бўйича “KPMG” халқаро консалтинг компаниясининг профессионал хизматларини алоҳида эътироф этади.

Айнан юқори малакали мутахассислар иштирокида, сотиш жараёни рақобатга асосланган сотув тарзида ташкил этилди. Жараённинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ва илғор халқаро амалиётга мос келади.

Сотиш жараёнининг оралиқ босқичлари тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилди.

Давлат улушини сотиш бўйича ошкора Эълон асосида, Давактив агентлигига ва Молиявий консультантга Осиё, Европа, Америка ва Африка қитъалари мамлакатларидан бир қанча талабгорларнинг жараёнда иштирок этиш учун аризалари келиб тушди. Улар олдиндан Эълонда кўрсатилган мезонлар бўйича малакаланиб, етарли тўлов қобилиятига, молиявий имконият ва салоҳиятга эга бўлган, Компаниянинг бизнес-режасидаги инвестицияларни амалга ошира оладиган, Компаниянинг иккинчи таъсисчиси ва бренд эгаси билан стратегик ҳамкорликни амалга оширишни таъминлайдиган Талабгорлар билан сотув жараёни давом эттирилди.

Шаффофликни таъминлаш мақсадида, талабгорларга Компания тўғрисидаги молиявий, ҳуқуқий, экологик, ташкилий, солиққа оид ва бошқа маълумотларни ўзи ичига олган Виртуал маълумотлар хонасига кириш, шунингдек Компанияга ташриф буюрган ҳолда ўрганиш, Компания менежментига бевосита саволлар бериш имконияти тақдим этилди.

Давлат улушини сотиб олиш бўйича Талабгорларнинг дастлаб мажбурий бўлмаган, кейинчалик мажбурий таклифлари олинди. Молиявий ва Юридик маслаҳатчилар иштирокида қарийб 2 ой давом этган Талабгорлар билан музокаралар натижасида, нарх таклифи ва олди-сотди шартларининг энг яхши комбинациясини таклиф этган талабгор – сотув жараёни ғолиби сифатида қайд этилди.

Халқаро амалиёт қоидаларига мос келувчи жараён қоидаларига кўра, шунингдек конфиденциаллик талабларига кўра, оралиқ босқичларда талабгорларнинг аниқ номлари ва уларнинг таклифларининг мазмуни ёритилмади.

Ўзбекистон бозорининг ёрқин истиқболга эга эканлиги ва иқтисодиёт, аҳоли сони ҳамда даромадларининг барқарор суръатларда ўсиб бораётгани давлат улушини сотиб олиш бўйича Харидорнинг шаҳдам қарорига сабаб бўлди.

Туркиянинг “Cоcа-Cоlа İçеcек А.Ş.” компанияси (CCI) ҳамкорлигида Ўзбекистондаги Кока-кола корхонаси янада кенгайиши ва ривожланиши учун барча асослар ва имкониятлар мавжуд.

“Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ корхонасига “Cоcа-Cоlа İçеcек А.Ş.” компаниясининг кириб келиши ушбу корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари ошишига, бошланган инвестиция лойиҳалари самарали амалга оширилишига, янги ва сифатли маҳсулот ассортиментини кенгайтиришга, ходимлар малакасини оширишга, профессионал бошқарув тизимини шакллантиришга хизмат қилади.

Маълумот учун, “Cоcа-Cоlа İçеcек А.Ş.” компанияси (CCI) ичимлик ишлаб чиқариш бўйича трансмиллий компания бўлиб, Туркия, Покистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Туркманистон, Иордания, Ироқ, Тожикистон ва Ўзбекистонда фаолиятини олиб боради. Coca-Cola тизимидаги ичимлик ишлаб чиқарувчиларнинг асосийларидан бири сифатида The Coca-Cola Company бренди остида газланган ва газланмаган ичимликларни ишлаб чиқаради, тарқатади ва сотади.

Ўзбекистон билан қўшиб ҳисоблаганда, CCI компаниясида 10 мингга яқин ишчи фаолият кўрсатади, 430 миллионга яқин киши истиқомат қиладиган 11 та давлатда 29 та заводга эгалик қилади ҳамда кенг миқёсдаги маҳсулотларини таклиф этиб келади.

CCI компанияси акциялари Истанбул фонд биржасида «CCOLA.IS» тикери билан, унинг еврооблигациялари эса Ирландия биржасида «CCOLAT» тикери билан котировка қилинади.

https://davaktiv.uz/uz