×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ер участкаларини хусусийлаштириш қандай ҳал этилади?

Ерга оид муносабатлар долзарб масалалардан биридир.

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламент тасдиқланди.

Маъмурий регламентга кўра, ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича хизматлар ДХМ ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали кўрсатилади.

Бунда ариза, ишончнома, ер участкасини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор (ариза берувчи – юридик шахс бўлса) илова қилинади.

Ариза туман (шаҳар) қурилиш бўлими, кадастр филиали томонидан кўриб чиқилиши учун “Yerxususiylashtirish” ахборот тизимига юборилади. Кадастр филиали ариза тушган кундан 5 иш кунида маълумотларни текширади.

Туман (шаҳар) қурилиш бўлими 3 иш кунида ер жойлашган ҳудуднинг (аҳоли пункти ёки улар орасидаги ҳудудни) ривожлантиришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш тўғрисидаги ҳамда уларни қуриш ҳақидаги тасдиқланган ҳужжатларга ер участкаси жойлашувининг мувофиқлигини кўриб чиқади.

“Yerxususiylashtirish” ахборот тизимида ариза натижалари бўйича (келишилганлиги ёки рад этилганлиги) хабарнома шакллантирилиб, ариза берувчига юборилади.

Шунга кўра, ариза берувчи 10 иш кунида ерни сотиб олиш тўловини амалга оширади. Тўлов ўз вақтида тўланганда, ерга мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери шакллантирилади.

Кадастр бошқармаси ордер асосида 2 иш кунида ерга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказади ва ундан кўчирмани ариза берувчига ёки ДХМга юборади.

Давлат хизматлари кўрсатиш учун БҲМнинг 10 фоизи (27 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади. ЯИДХП орқали хизмат кўрсатилганда йиғим миқдори 24 300 сўмни ташкил этади.

Йиғимлар ва хусусийлаштирилаётган ер участкасининг сотиб олиш қиймати тўланганлиги тасдиғи “Yerxususiylashtirish” ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Регламент кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари иштирокчиларига берилган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

 

Манба: uza.uz