×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Япониянинг “H.I.S. Holdings” компанияси Ўзбекистон бозорида ўз иштирокини мустаҳкамлаш ниятида

Жорий йилнинг 15 декабрь куни ҳукумат делегациясининг Японияга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг “H.I.S. Holdings” компанияси бошқаруви раиси ва Президенти Хидео Савада билан музокаралари бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида компаниянинг Ўзбекистондаги инвестициявий фаолиятининг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Лойиҳаларни, хусусан, Тошкент шаҳри А.Қодирий номидаги боғи ҳудудида меҳмонхона мажмуасини қуриш лойиҳасини амалга оширишда сезиларли ютуқларга эришилганлиги таъкидланди. Меҳмонхонанинг ишга туширилиши 2021 йилда кутилмоқда.

Туристик оқимларни жалб қилиш ва туристик объектлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини берадиган инновацион технологиялар жорий этилган тегишли инфратузилмани яратиш бўйича компаниянинг улкан тажрибасини ҳисобга олган ҳолда томонлар Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида меҳмонхоналар қуриш бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини ҳам кўриб чиқдилар.

Компаниянинг молия секторини ривожлантиришдаги иштироки хусусан, Ўзбекистон банкларидан бирининг акцияларини сотиб олиш ташаббуси билан билан боғлиқ масалалар кўтарилди. Томонлар лойиҳани амалга ошириш учун кейинги ҳаракатларни белгилаб, инвестиция қилишнинг турли механизмларини кўриб чиқдилар.

Учрашув якунлари бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги устуворликлар белгилаб олинди ва Япония холдинг компаниясининг Ўзбекистон бозорида иштирокини кенгайтириш мақсадида биргаликда иш олиб боришни давом эттиришга ўзаро тайёрлик билдирилди.

https://mift.uz/