×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) Бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнининг ҳозирги ҳолати, шунингдек, музокараларни фаоллаштириш юзасидан ташкилот Котибияти билан биргаликда ишлаб чиқилган ҳамда 2022 йилга мўлжалланган янги “Йўл харитаси”да ушбу йўналишда белгиланган тадбирларни илгари суриш бўйича долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳининг бўлажак 5-йиғилишига тайёргарлик кўриш музокараларнинг асосий мавзуси бўлди. Ўзбекистон томонидан ЖСТ Котибиятига мазкур йиғилишни ўтказиш учун тақдим қилинган янги ҳужжатлар устида ишлаш жараёни, шунингдек, мазмунга доир ва ташкилий характердаги бошқа масалалар кўриб чиқилди.

ЖСТ раҳбарияти ташкилотга аъзо бўлиш жараёнида Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва юзага келаётган муаммоларни зудлик билан ҳал этиш учун икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштиришга содиқлигини билдирди. Шу ўринда, Н.Оконжо-Ивеала ЖСТ Котибиятининг Ташкилотга аъзо мамлакатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама музокаралар олиб боришда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш бўйича техник ёрдам кўрсатишни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистон томони мамлакатимизда ЖСТга аъзо бўлиш жараёнига устувор аҳамият берилаётганини таъкидлади. Хусусан, ушбу масала янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт Стратегиясида белгиланган асосий вазифалар қаторига киргани маълум қилинди.

Учрашув якунида томонлар муҳокама этилган масалаларни ҳал қилинишини тезлаштириш мақсадида яқин ва мунтазам мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.

 

Манба: mift.uz