×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистондан Покистонга 48 соатда: TIR конвенцияси доирасида илк рейс амалга оширилди

Апрель ойи охири ва май ойи бошларида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида ва Покистоннинг TCS Logistics компанияси билан ҳамкорликда Покистон – Афғонистон – Ўзбекистон йўналиши бўйлаб Халқаро юкларни ташиш бўйича Божхона конвенцияси (TIR) доирасида илк рейс амалга оширилди.

29 апрель куни ўсимликлардан тайёрланган дори воситаларининг тажриба жўнатмаси Карачидан жўнаб кетди. 5 кун ичида Карачи-Қобул-Термиз йўналиши енгиб ўтилди ва 4 май куни юк Тошкентга келди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси веб-саҳифасида таъкидланганидек, ушбу рейс Афғонистон ва Хитой орқали Марказий Осиё мамлакатларига бориши режалаштирилган бешта синов рейслардан биринчиси бўлди. Мазкур тажриба лойиҳасини амалга оширишдан кўзланган мақсад TIR конвенцияси доирасида Марказий Осиё ва ундан ташқарига олиб бориладиган турли халқаро транзит йўллари орқали олиб бориш мумкинлигини текшириш ва сафар давомида юзага келган операцион ҳамда логистик муаммоларни аниқлашдан иборатдир.

9 май куни Ўзбекистоннинг «Asad trans logistik» автотранспорт компанияси иштирокида Покистонга юкларни қайтариб етказиш ташкил этилди. Бишкекдан Тошкентга чарм хомашёси жўнатилди ва ундан сўнг TCS Logistics компаниясининг юк машинасига ўтказилди. 48 соат ичида юк машинаси Тошкентдан Афғонистон-Покистон чегарасидаги “Торхам” назорат-ўтказиш пунктигача бўлган масофани босиб ўтди. Шундай қилиб, Ўзбекистон – Афғонистон – Покистонга қайтиш йўналиши Қирғизистонни ҳам босиб ўтди. Бунда ташишга сарфланган умумий вақт 3 кунни ташкил этди.

Покистон Бош вазирининг савдо бўйича маслаҳатчиси Раззоқ Довуд ўзининг твиттер аккаунтида “ушбу қадам – янги даврнинг бошланиши, яъни ҳар икки томоннинг юк машиналари TIR конвенциясига мувофиқ Карачи ва Гвадар портларига савдо юкларини етказиб беради”.

Маълумот учун: TIR конвенцияси 1975 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа иқтисодий комиссияси шафелигида имзоланган. TIR конвенцияси Европа, Яқин Шарқ ва Осиёда халқаро юк ташишда кенг қўлланилади ҳамда Афғонистон ва Марказий Осиё мамлакатларида тобора кўпроқ амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон вакили биринчи марта 2021 – 2022 йилларда халқаро товарларни ташиш тўғрисидаги Божхона конвенцияси Ижроия кенгашининг аъзоси бўлди.