×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Бухорода биринчи Ўзбек-Туркман ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди

Туркманистон Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи арафасида Бухорода биринчи Ўзбек-Туркман ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакат делегацияларига Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков, Туркманистон томонидан Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Ботир Атдаев раҳбарлик қилди. Делегациялар таркибига икки мамлакат вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, савдо-саноат палаталари раҳбарлари, маҳаллий маъмуриятлар раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари кирди.

Делегациялар раҳбарлари тадбир иштирокчиларига қутлов сўзи билан мурожаат қилиб, Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги ҳамкорлик тобора чуқурлашиб бораётганини ва жадаллашаётганини қайд этдилар. Шу билан бирга, қатнашчилар эътибори кенг кўламли икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун ишга солинмаган имкониятлар мавжудлигига қаратилди.

Томонлар ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва иқтисодий самарадорлиги юқори бўлган ташаббусларни биргаликда ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, бу борада қўшма амалий чора-тадбирларни кўришга тайёр эканликларини билдирдилар. Икки мамлакат ҳудудларининг раҳбарлари ва бизнес миссияларининг мунтазам ўзаро ташрифларини ташкил қилиш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, вазифалари ҳудудлар ўртасида ҳамкорликнинг янги йўналишларини кашф этиш, истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштириш, уларни ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилишдан иборат бўлган доимий ишчи гуруҳлар ташкил этилиши маълум қилинди.

Форум иштирокчилари инвестициявий, саноат ва савдо муносабатларини ривожлантириш учун қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, кимё, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электротехника саноати каби энг истиқболли йўналишларга эътибор қаратдилар.

Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш нуқтаи назаридан чегараолди савдо зоналарини фойдаланишга топшириш, савдо уйларини очиш ҳамда юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Сўзининг якунида делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳудудлараро ҳамкорликнинг янги ўсиш нуқталарини кашф этиш бўйича фаол ҳамкорлик қилишга содиқлигини билдирдилар.

Форум давомида икки мамлакат Савдо-саноат палаталари раҳбарлари, вилоятлар ва тегишли идоралар раҳбарлари ҳам сўзга чиқдилар. Улар томонидан инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш салоҳияти ва истиқболлари, шунингдек, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида саноат кооперациясини ташкил қилиш бўйича аниқ таклифлар тақдим этилди.

Бундан ташқари, тадбир доирасида иштирокчиларнинг “B2G” ва “B2B” форматидаги учрашувлари ҳамда икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Форум якунида умумий қиймати 451 миллион долларлик инвестиция ва савдо битимлари имзоланди.

 

Манба: mift.uz