×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон дунёнинг 117та мамлакатига маҳсулот экспорт қилмоқда

2017–2022 йиллар мобайнида Ўзбекистоннинг экспорт географияси 16та мамлакатга кенгайиб, бугунги кунда маҳсулотлар 117та давлатга экспорт қилинмоқда. Товар номенклатурасида 2017 йилдаги 179 хил маҳсулот тури 2022 йилга келиб 200дан ошган.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари 2017–2022 йиллар оралиғида Ўзбекистон экспорти географияси ва товар номенклатурасида рўй берган ўзгаришларни таҳлил қилди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида товар ва хизматлар экспорт қилинадиган мамлакатлар сони ҳам, товар номенклатурасидаги маҳсулотлар тури ҳам кўпайган. 

2017–2022 йиллар мобайнида Ўзбекистоннинг экспорт географияси 16та мамлакатга кенгайиб, бугунги кунда маҳсулотлар 117та давлатга етиб бормоқда. Хусусан, Перу (3 млн 965,9 минг доллар), Албания (3 млн 196,3 минг доллар), Шимолий Македония (1 млн 454,7 минг доллар), Сенегал (311,7 минг доллар), Маврикий (303,1 минг доллар) каби мамлакатларга ҳам маҳсулотларни экспорт қилиш йўлга қўйилди. Товар номенклатурасида 2017 йилдаги 179 хил маҳсулот тури 2022 йилга келиб 200 дан ортди.

Шунингдек, пахта толаси экспортидан воз кечилиб, унинг ўрнига пахтадан тайёрланган қўшилган қиймати юқори товарлар экспорти йўлга қўйилди. Жумладан, умумий қиймати 1 млрд 613,5 млн долларга тенг бўлган пахтадан йигирилган ип, 644,9 млн долларлик тайёр трикотаж ва тўқимачилик маҳсулотлари, 242,8 млн долларлик нақшли мато, 131,6 млн долларлик газламалар, 78,1 млн долларлик ипак ва ипак маҳсулотлари, 42,1 млн долларлик гилам маҳсулотлари экспорт қилинди.

Маиший техника воситаларидан чангюткич, кир ювиш машинаси, газ плитаси, телевизор каби товарлар қуйидаги мамлакатларга етказиб берилмоқда:

  • чангюткичлар – Қозоғистон, Россия, Украина, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбойжонга;
  • кир ювиш машиналари – Тожикистон, Қозоғистон, Россия, Қирғизистон, Озарбойжон, Молдова, Туркманистон, Туркияга;
  • газ плиталари – Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Арманистонга;
  • телевизорлар – Россия, Озарбойжон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Арманистон, Қирғизистонга.

 

Манба: kun.uz