×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Европа Иттифоқи ва Франция тараққиёт агентлиги COVID-19 оқибатларини бартараф этишда Ўзбекистонга кўмак беради

10 июль Франция тараққиёт агентлиги (ФАР) ва Европа Иттифоқи Самарқанддаги етакчи компаниялардан бири «Maroqand Obod» давлат унитар корхонаси томонидан қабул қилинган COVID-19 ни қарши курашиш бўйича Ҳаракатлар режасининг қисқа муддатли чора-тадбирларини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 миллион евро миқдоридаги маблағ ажратишни тасдиқлади.

Лойиҳанинг мақсади Самарқанд шаҳридаги тиббий чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш, шунингдек, шаҳар ичидаги маиший чиқиндиларни бошқаришда иштирок этаётган ишчилар хавфсизлигини таъминлаш, инқирозни бошқаришга қаратилган. Тадбирлар режаси «Самарқанд шаҳрида маиший чиқиндиларни комплекс бошқариш тизимини модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ҳукумати, Фарғона вилояти ва Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган.

«COVID-19 га қарши фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан юқори натижаларга эришишимизга ишончим комил», — деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Эдуардс Стипрайс. — Европа Иттифоқи COVID-19 туфайли юзага келган инқироз билан боғлиқ энг кескин муаммоларни ҳал қилиш учун қўшимча молиявий ёрдам кўрсатиш ва мавжуд молиявий манбаларни йўналтириш орқали Ўзбекистон ҳукуматига ёрдам беришда давом этади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раисининг ўринбосари Исломбек Бокижонов COVID-19 пандемияси бутун дунё учун катта синовга айланганини таъкидлади. Унга қарши курашда, шубҳасиз, соғлиқни сақлаш ходимлари ва маҳаллий ҳокимиятларнинг ҳиссаси бебаҳодир. Шу билан бирга, бошқа бир соҳа вакиллари ҳам борки, улар пандемия пайтида ўзларини хавф остига қўйиб, туну кун ишлайди. Булар шаҳар ва вилоятлардан маиший чиқиндиларни олиб чиқиш билан шуғулланадиган чиқиндиларни бошқариш сектори ходимларидир. Ушбу соҳа вакилларининг меҳнати соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш, шунингдек, пандемия ҳолатини енгишда муҳим роль ўйнайди.

«COVID-19 тарқалиш суръати ошиб бормоқда ва чиқиндиларни йиғиш ҳамда бошқариш бўйича давлат хизматларининг ишлаши жуда муҳимдир»,— деди Франция тараққиёт агентлигининг Тошкентдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Рафаэль Жозан. — COVID-19 билан курашиш тиббий чиқиндиларни тўғри бошқаришни ўз ичига олади. Чиқиндиларни йиғиш соҳасидаги ишчиларнинг манфаати биринчи ўринда туриши керак. Чунки уларда инфекцияни юқтириш хавфи жуда юқори. Франция тараққиёт агентлиги уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва салоҳиятини ошириш учун Ўзбекистон Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ва «Maroqand Obod» давлат унитар корхонаси томонидан кўрилаётган барча чораларни қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон минтақадаги шерикларни илҳомлантирадиган намунали чора-тадбирлар ва стратегияларни амалга ошириш орқали инқирозни бошқариш соҳасидаги етакчилигини яна бир бор намойиш этмоқда.