×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари ЕТТБ Бошқарувчилар кенгаши раисининг ўринбосари этиб сайланди

Жорий йилнинг 7-8 октябрь кунлари видеоконференция шаклида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар Кенгашининг йиллик йиғилиши ўтказилди. Тадбирда Банкнинг 71 акциядоридан, шу жумладан, 69 мамлакат, Европа Иттифоқи ва Европа инвестиция банкидан Бошқарувчилар ва Бошқарувчиларнинг ўринбосарлари, шунингдек, Банк раҳбарияти ва халқаро экспертлар иштирок этди.

Бу йилдаги йиғилишнинг очилиш маросимида Уэльс шаҳзодаси Чарльз, Буюк Британия Ғазначилиги Канцлери Р.Сунак, ЕТТБ Бошқарувчилар кенгаши раиси Н.Кальвиньо ва ЕТТБ президентининг вазифасини бажарувчиси Ю.Ригтеринк қутлов нутқи билан сўзга чиқдилар.

Йиллик йиғилиш кун тартибидаги асосий масала ЕТТБ Президентининг сайлови бўлди. Овоз бериш натижаларига кўра Франция Иқтисодиёт, молия ва тикланиш вазирлиги Ғазначилигининг бош директори Одиль Рено-Бассо 2021-2024 йиллар даври учун ЕТТБнинг янги Президенти этиб сайланди.

Шунингдек, ЕТТБ тарихида биринчи марта Банкнинг олий бошқарув органи – Бошқарувчилар Кенгаши Раисининг ўринбосари этиб Банкнинг Ўзбекистондан Бошқарувчиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков сайланди.

Йиғилиш доирасида давра суҳбати ташкил этилиб, унинг давомида глобал ва минтақавий иқтисодиётнинг жорий тенденциялари, COVID-19нинг ЕТТБга аъзо мамлакатлар иқтисодиётига таъсири, Банкнинг унга аъзо мамлакатларни пандемия билан боғлиқ муаммоларни енгиб ўтишда қўллаб-қувватлаш бўйича фаолияти, шунингдек, 2021-2025 йилларга мўлжалланган ЕТТБ капитал қўйилмалари ва фаолияти бўйича Стратегияси муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунларида шунингдек, Банкнинг келгусидаги истиқболларини белгилаб берувчи бир қатор қарорлар, шу жумладан, Ироқ Республикасининг ЕТТБ акциядорлари сафига қўшилиш бўйича буюртманомасини қабул қилиш тўғрисидаги резолюция қабул қилинди.

Маълумот учун: Европа тикланиш ва тараққиёт банки 1991 йил 28 мартда ташкил этилган. Штаб-квартираси Лондон шаҳрида жойлашган. Ўзбекистон 1992 йил 30 апрелдан бери ЕТТБ аъзосидир. Ҳозирги вақтда уй-жой коммунал хизматлари, энергетика, йўл ҳўжалиги, ирригация ва экология соҳасида умумий қиймати 1,0 млрд доллардан ортиқ бўлган бир қатор лойиҳалар Банк билан биргаликда ишлаб чиқилмоқда.

https://mift.uz/