×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Корея Республикаси ҳукуматлари раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдаги ютуқларни муҳокама қилдилар

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Сеул шаҳрида Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Хонг Нам Ки билан учрашди.

Томонлар кўп қиррали Ўзбекистон-Корея ҳамкорлигининг кенг қамровли кун тартибини, шунингдек, икки мамлакат ўртасида инвестициявий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар муносабатларни ривожлантириш борасида эришилган натижаларни муҳокама қилдилар.

Энергетика, геология, электротехника, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳозирги вақтда ишлаб чиқилаётган қатор янги инвестициявий лойиҳаларни ўрганиш ва келишиш бўйича ишларни жадаллаштиришга ўзаро тайёрлик билдирилди.

Ядровий тиббиёт, биофармацевтика, электроника ва инфратузилмавий ривожланиш соҳаларида янги лойиҳалар устида биргаликда иш олиб боришни назарда тутган ҳолда EDPF Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш жамғармаси билан ҳамкорликнинг навбатдаги тадбирлари белгиланди.

Томонлар 2021-2023 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастури доирасида EDCF Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси билан ҳамкорликда жорий этилаётган лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича чоралар кўришга келишиб олдилар.

Кореянинг KOICA Халқаро ҳамкорлик агентлиги билан 2022-2024 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурининг имзоланиши қайд этилди.

Томонлар Эркин савдо тўғрисидаги битимни қабул қилиш жараёнидаги ижобий ўзгаришларни мамнуният билан олқишлаб, ушбу қадам икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга сезиларли туртки беришини таъкидладилар.

Қишлоқ хўжалиги, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ва электр транспортини ривожлантириш соҳаларида янги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда, “Тараққиётга расмий ёрдам” Дастури доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари алоҳида тартибда кўриб чиқилди.

Учрашув якунида томонлар келгусида биргаликда олиб бориш учун ишларнинг кенг кўлами мавжудлигини тан олдилар ҳамда келишилган лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича янги конструктив таклифларни ишлаб чиқиш юзасидан фаол ҳамкорликка содиқлигини билдирдилар.

 

mift.uz