×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Малайзия билан ўрта ва кичик бизнесни ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик ривожланади

Мамлакатимизнинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Малайзия тадбиркорлик ва кооперативларни ривожлантириш вазирлиги қошидаги “SME Corporation Malaysia” давлат корпорацияси раҳбарияти ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда.

“SME Corp.” корпорацияси 1996 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади Малайзияда кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш, молиялаштириш, ривожлантириш ва рақамлаштиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, шунингдек, мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари учун консалтинг хизматларини кўрсатишдан иборат.

Бундан ташқари, корпорация ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини таъминлаш, ҳалол саноат ва экспорт операцияларини амалга ошириш соҳасида малака ошириш курсларини ҳам ташкил этади.

Учрашув давомида Малайзия томонига Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда республикада аҳолининг даромад манбаларини кўпайтиришга йўналтирилган «Ҳар бир оила – тадбиркор» ва «Ёшлар – келажагимиз» каби дастурлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

“SME Corporation Malaysia” давлат корпорацияси бош директори Ризал Наини республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берар экан, бу соҳада Агентлик билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Шунингдек, музокаралар давомида кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш стратегияларини шакллантириш, ушбу йўналишда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилаётган дастурларни мувофиқлаштириш, хусусий сектор билан ҳамкорликни рағбатлантириш соҳаларида тажриба алмашиш ва тренинглар ўтказиш масалалари муҳокама этилди.

Мулоқот якунида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бир қатор келишувларга эришилди.

Manba:mift.uz