×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Тел-Авивда Ўзбекистон-Исроил бизнес-форуми бўлиб ўтди

28-29-июн кунлари Тел-Авив шаҳрида Ўзбекистон-Исроил бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Форум Ўзбекистон элчихонаси томонидан “Исроил-Ўзбекистон” савдо палатаси, Исроил экспорт институти ва Исроил саноатчилар уюшмаси кўмагида мамлакатимизнинг фахрий консули сифатида ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, икки томонлама муносабатлар тарихида бундай форматдаги тадбир сўнгги ўн йилликда илк бор Исроилда ўтказилмоқда.

Форумда Ўзбекистон томонидан расмий ва ишбилармон доиралар, хусусан, Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги тўқимачилик, кимё, электротехника, фармацевтика, чарм саноати уюшмалари, корхоналари вакиллари иштирок этди.

“Исроил-Ўзбекистон” Савдо-саноат палатаси президенти Рон Дорон ўзининг қутлов сўзида икки давлат ўртасидаги савдо ва ҳамкорликни кенгайтиришда салмоқли салоҳият сақланиб қолганлигини таъкидлади. Яқинда ташкил этилган у раҳбарлик қилаётган Савдо-саноат палатаси ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган.

Ўзбекистон элчиси Феруза Махмудова Ўзбекистон-Исроил бизнес ҳамкорлиги ва лойиҳалари учун янги йўналишлар, хусусан, қишлоқ ва сув хўжалигининг анъанавий йўналишлари билан чекланиб қолмасдан, кимё, электротехника, фармацевтика саноатида лойиҳалар очиш долзарблигига алоҳида эътибор қаратди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш маркази директорининг биринчи ўринбосари Мурод Мирзаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси мамлакатимиз, жумладан, Самарқанд ва Бухоро вилоятларининг инвестиция имкониятлари ва экспорт салоҳияти тақдимотларини ўтказди.

Б2Б учрашувлари доирасида тўқимачилик, электротехника, чарм, кимё ва фармацевтика саноати соҳаларида савдо-экспорт операциялари ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида алоқалар ўрнатилди. Ўзбекистон агросаноат компаниялари қишлоқ хўжалиги технологияларини жалб этиш, сут-сутчилик фермаларини ишга тушириш, ирригация ечимлари бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувга эришди.

Форум доирасида делегация агросаноат корхоналарида бўлиб, чорвачилик ва иссиқхона хўжалиги соҳасидаги илғор тажриба ва инновацион технологиялар билан яқиндан танишди.

Ўзбекистон Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Жамшид Эшмуратов бошчилигидаги фармацевтика компаниялари вакиллари Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Дори воситаларини стандартлаштириш ва назорат қилиш институти раҳбарияти билан музокаралар ўтказди. натижасида дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникасини рўйхатга олиш соҳаларида тажриба алмашиш бўйича келишувларга эришилди.

 

Манба: dunyo.info