×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Бизнес масалаларига бағишланган Ўзбекистон-Европа давра суҳбати бўлиб ўтди

Гибрид шаклида Европа бизнес ассоциацияси (“АЕВ”), Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси (“EuroUz”) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган “ЕИ-Ўзбекистон” Биринчи бизнес давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон ва Европа давлатлари ўртасида барқарор ривожланишнинг янги нуқталарини топиш ва инвестиция, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр, ғоя ва таклифлар алмашиш учун майдончага айланди.

Давра суҳбатида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири, “ЕИ-Ўзбекистон” Ишбилармонлар Кенгаши ҳамраиси С.Умурзаков, “АЕВ” Бошқарув Кенгаши раиси Йохан Вандерплаетсе, “Mangold Consulting” компанияси раиси – “ЕИ-Ўзбекистон” Ишбилармонлар Кенгаши ҳамраиси К.Манголд, Европа ташқи ҳаракатлар хизматининг Россия, Шарқий ҳамкорлик мамлакатлари ва Марказий Осиё бўйича директори Л.Девин, шунингдек Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси бошқаруви, “Schneider Electric” (Германия), “Siemens Energy” (Германия), “Beeline Uzbekistan”, “Pietro Fiorentini” (Италия), “SACE” ва бошқа тадбиркорлар иштирок этди.

Иштирокчилар ўз сўзларида Европанинг қатор йирик компанияларининг Ўзбекистонда юқори технологик лойиҳаларни амалга ошираётган тажрибасини қайд этдилар. Ишбилармон доираларининг роли сўнгги бир неча йил ичида муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайдиган куч сифатида алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон томони форум иштирокчиларига мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, жумладан, иқтисодиётнинг барча соҳаларида бозор тамойилларига ўтиш, соғлом рақобатни ривожлантириш, коррупцияга фаол қарши курашишни рағбатлантириш ҳамда давлат активлари, корхона ва банкларни кенг миқёсда хусусийлаштириш борасидаги ишларнинг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берди.

Таъкидландики, бу йил Ўзбекистон тарихида биринчи марта Давлат раҳбарининг тадбиркорлар ва инвесторлар билан очиқ мулоқоти ўтказилди, унинг якунлари бўйича тадбиркорларнинг тизимли муаммоларини ҳал этиш ҳамда мамлакатдаги инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган қатор ташаббуслар қабул қилинди.

Энергетика, нефть-газ, тоғ – кон тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика саноати, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳалари ишбилармонлар ўртасидаги ҳамкорлик қилиш нуқтаи назаридан энг истиқболли тармоқлар сифатида белгиланди.

Тадбир якунида Европа бизнеси ассоциацияси ва Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Битим Ўзбекистон Республикаси ҳудудида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, хорижий инвесторларни жалб этиш ва ҳимоя қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган. 

https://mift.uz/