×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

«Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама Битим имзоланди

Транспорт соҳасида давлатлараро ҳамкорлик улкан салоҳиятга эга бўлиб, бу шубҳасиз, мамлакатларнинг барқарор ривожланиши ва савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мазкур жараёнда ташқи савдо транспорт йўлакларини янада диверсификациялаш, муқобил йўналишларни ривожлантириш ва янгиларини яратиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ушбу йўналишда минтақа ва умумжаҳон миқёсда катта аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш ишларини жадаллаштириш, хусусан, «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган уч давлатнинг саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.

ШҲТ Самарқанд саммити доирасида 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Қирғизистон Республикаси Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги, Хитой Халқ Республикаси Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси ўртасида «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли қурилиши (Қирғизистон ҳудудида) лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама битим имзоланди.

Мазкур ҳужжат билан Қирғизистон Республикаси ҳудудидаги темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича барча ишларни 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида якунлаш  белгиланган. Шунингдек, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқишда томонларнинг иштироки, молиялаштириш ва харажатларни тақсимлашига аниқлик киритилган.

Лойиҳа Хитойдан Ўзбекистон орқали Европага ва Жанубий йўлар билан Форс кўрфази давлатларига ташувларни ҳамда савдо географиясини кенгайтириш учун асос бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

 

Манба: mintrans.uz