×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Япония компаниялари вакиллари учун JETRO иштирокида туризм ва инвестициялар бўйича семинар ташкил этилди

Нагоя шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчихонаси ва Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти (JETRO) кўмагида ушбу мамлакат йирик компаниялари раҳбарлари иштирокида туризм ва инвестициялар бўйича семинар ташкил этилди. Онлайн шаклда бўлиб ўтган тадбирда Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги ва Экспортни ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбариятлари ҳам ўз тақдимотлари билан қатнашдилар.

Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчихонаси ва JETRO бўлими вакиллари учрашув иштирокчиларини қутлади. 50 га яқин Япония компанияси вакиллари самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга бағишланган муҳокамада қатнашиш учун Нагояга келишди.

Ташкил этилган учрашув шу йилнинг декабр ойида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги делегациянинг ташрифи доирасида Япония ва Ўзбекистон давлат идоралари вакиллари ўртасида ўтказилган юқори даражадаги ишбилармонлик музокараларининг мантиқий давоми бўлди.

Бир неча йиллар олдин Япониянинг “H.I.S.”, “Isuzu Motors”, “Balcom Co. Ltd”, “Gakko Plus” каби компаниялари JETRO кўмагида Ўзбекистон бозорига кира олдилар ва бир қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун республика салоҳиятини ўрганиш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, JETRO томонидан Япония бизнес вакиллари билан ҳамкорлик доирасида ўзбек мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотларини Япония бозорига экспорт қилишни рағбатлантиришда кўмак берилмоқда.

Савдо алоқаларининг имкониятларини кенгайтириш мақсадида Инвеститциялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Бобиржон Кенжаев семинар чоғида сўзга чиқди. Унинг таъкидлашича, 2018 – 2019 йилларга нисбатан жорий йилда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги экспорт ҳажмининг ўсиши 15 фоизга ошиб, тахминан 181,1 миллион долларни ташкил этди. Қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортнинг катта қисмини қамраб олган. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ хўжалиги соҳасида экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун имкониятлар яратмоқда. Таъкидланишича, халқаро сертификатларни олиш учун харажатларни қоплаш ва транспорт ҳаражатларининг бир қисмини тўлашга субсидиялар ажратиш ҳисобига ушбу соҳадаги улуш 60 миллион долларга етказилиши мумкин. Шунингдек, кимё саноатида ҳам мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлашни ошириш учун катта имкониятлар мавжуд.

Тадбирда Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори ўринбосари Ойбек Элмуратов “Ўзбекистонга сармоялар” мавзусида тақдимот қилди. Учрашув иштирокчилари мамлакатдаги ҳозирги иқтисодий вазият билан қисқача таништирилди, Covid-19 тарқалишига қарши курашиш ҳамда аҳоли ва бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берилди. Қайд этилганидек, ўз вақтида кўрилган чоралар туфайли Ўзбекистон жаҳон бозорида Covid-19 оқибатларидан кейин “яшил ҳудудда” бўлган кам сонли давлатлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, япониялик тадбиркорлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инвестиция фаолиятини амалга оширишда тақдим этилаётган имтиёз ва қулайликлар билан танишдилар. 2020 йил январ ойида, инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқларини мустаҳкамлашгам қаратилган “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида” Қонун қабул қилинди.

Бундан ташқари учрашув иштирокчиларига Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари тақдим этилди.

Семинар доирасида Япониянинг “Beeanz Inc” ва “JIC Holdings” компаниялари вакиллари ҳам тақдимотлар ўтказишди ва Ўзбекистон ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш бўйича мавжуд тажрибалар тўғрисида сўзлаб беришди.

Учрашув якунида савол-жавоблар сессияси бўлиб ўтди. Унда ўзбек компаниялари билан савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш тафсилотлари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.