×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Исроил компаниялари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди

Ўзбекистон Республикасининг Исроилдаги элчихонаси ташаббуси билан март ойининг бошида халқаро бозорда фаол ривожланаётган Исроил компаниялари вакиллари иштирокида онлайн давра суҳбати ташкил этилди.

Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий салоҳияти ва инвестиция имкониятларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, транспорт вазирлиги, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва экспортни рағбатлантириш агентликлари ҳамда давлат божхона қўмитаси мутахассислари музокарада иштирок этишди.

Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун таклиф этилаётган шарт-шароитлар билан танишиш ва ўз таклифларини билдириш учун “Asia Trade”, “Gabro Sela Import Ltd”, “Eden Ltd.”, “Abir Holdings”, «Gabrielle International Hotel»  ва бошқалар сингари 20 га яқин компаниялар вакиллари иштирок этди.

Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги томонидан учрашув иштирокчиларига республиканинг бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлиги, республика ҳудудларида эркин иқтисодий зоналар ташкил этилган тармоқлари, инвестиция фаолиятини ривожлантириш учун энг жозибадор саноатлари ва давлат томонидан қулай инвестиция муҳитини яратишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисидаги «Invest in Uzbekistan » тақдимоти намойиш этилди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда инвестиция обектлари учун давлат кафолатларини таъминлашнинг механизми мавжудлиги ҳақида масалалар кўтарилди. Хусусан, қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида» ги Қонунига мувофиқ инвесторларга инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инвестиция фаолияти натижасида олинган маблағлардан эркин фойдаланишга қаратилган асосий кафолатлар ва инвестор учун қонунчиликдаги салбий ўзгаришларга қарши кафолатлар берилаётгани таъкидланди.

Қўшимча кафолатлар ва инвестицияларни ҳимоя қилиш чоралари Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан кафолатлар бериш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга кўмаклашиш, махсус солиқ ва тўлов режимини яратиш, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг давлат мониторинги ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан инвестицион келишувларга асосланган бошқа чора-тадбирларни ўз ичига олиши мумкин.

Давра суҳбати доирасида экспорт қилувчи корхоналарга берилаётган имтиёзлар, янги халқаро савдо йўллари ва божхона тартибини такомиллаштириш юзасидан ҳам маълумотлар берилди.

Учрашув якунида иштирокчилар ҳамкорликни ривожлантириш учун таклиф этилаётган имкониятлар тўғрисида фикр алмашдилар ва музокараларни ушбу форматда ташкил этиш муҳимлигини таъкидладилар.