×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорациясининг (DFC) ижрочи директори А.Болер билан учрашув ўтказилди

Жорий йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосариинвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорациясининг (DFC) ижрочи директори А.Болер билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон ва АҚШ икки томонлама муносабатларини мустаҳкамлаш доирасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

А.Болер хусусий сектор ва инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилган устувор лойиҳалар ва ташаббусларни биргаликда молиялаштириш орқали Республикадаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида Корпорациянинг бевосита иштирок этишига катта қизиқиш билдирди.

Амалий ҳамкорликка тезкор ўтиш учун америкалик шерикларга қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, фармацевтика ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳасидаги 27 та аниқ инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Америка томони қуёш ва шамол энергетикаси ҳамда транспорт секторидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, томонлар Ўзбекистондаги йирик давлат корхоналари ва тижорат банкларини хусусийлаштиришда иштирок этаётган хусусий инвесторларни молиялаштиришда DFC жалб қилиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

DFC корпорацияси ва Ўзбекистон ҳукумати иштирокида ҳамда Марказий Осиё бошқа давлатлари ва Афғонистон ҳукуматини жалб этиш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этишнинг имконияти алоҳида муҳокама қилинди. Жамғарма вазифаси энергетика, инфратузилма, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида минтақавий аҳамиятга молик устувор лойиҳаларни, шунингдек, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлашга қаратилган ташаббусларни амалга оширишдан иборат бўлади. Мазкур жамғармани ташкил этишда бошқа манфаатдор томонларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Минтақада иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди: самарали логистика йўлларини ташкил этиш ва халқаро аҳамиятга эга йирик транспорт марказлари билан уланиш учун трансмиллий темир йўл инфратузилмасини кенгайтириш мақсадида келгусидаги ўзаро ҳамкорлик муҳимлиги таъкидланди.

Музокаралар якунида эришилган келишувлар устида ишлаш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида келишувга эришилди.