×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Тошкент вилоятида чегара савдо зонаси яратилмоқда

Тошкент вилоятининг Тожикистон билан чегарасида Бекобод туманида чегара савдо зонаси ва логистика маркази яратилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Ойбек» чегара пости яқинидаги савдо зонасининг ҳудуди 8 гектарни ташкил этади. Унинг яратилиши Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорлик ўсишига имконият бахш этиши кутилмоқда.

Тошкент вилояти ҳокимлиги маълумотларига кўра, 2019-2020 йилларда пойтахт вилоятининг Тожикистон билан товар айирбошлаш ҳажми 108,5 миллион долларни ташкил этди ва шундан 74,5 миллион долларига қўшни мамлакатдан импорт қилинган.

Жорий йилнинг январь-апрель ойларида Тошкент вилоятидан Тожикистонга амалга оширилган экспорт ҳажми 9,5 миллион долларни ташкил этди ва бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоизга кўпдир. Ўзбекистон экспорти қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, мебель, минерал ўғитлар ва бошқа товарларни ўз ичига олди. Тожикистондан эса санитария-техник воситалар, кимёвий ва тиббий маҳсулотлар каби товарлар импорт қилинган.

Ўзбекистон ва Тожикистон қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга, шунингдек, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга келишиб олдилар. Ўзбекистон Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг уч ойи мобайнида ушбу кўрсаткич 101,8 миллион долларни ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврида эса 110 миллион долларга етган.