×

Ўзбекистонга виза олиш тўғрисида ахборот ва ташкилий жиҳатлар

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВИЗАСИ

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фақат виза асосида Ўзбекистон ҳудудига киришлари ва унинг ҳудуди орқали транзит ўтишлари мумкин.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга визалар Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларида виза талабномаси (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тасдиғи) асосида берилади.

Виза талабномаси Ўзбекистон ҳудудида доимий ёки вақтинча жойлашган юридик ва жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига ёзма илтимосномаси асосида расмийлаштирилади.

Юридик шахслар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

– Ташкилотнинг расмий бланкида тўлдирилган, ўрнатилган намунадаги Виза талабномаси;

– evisa.mfa.uz сайтидан олинган электрон анкета; 

 

– Таклиф қилинаётган шахснинг, ташкилот раҳбарининг ва ташкилотнинг ҳужжатларини топширишга ваколатли ходимининг паспортлари нусхалари;

– Ташкилотнинг расмий ҳужжатлари нусхалари (лицензия, сертификат, гувоҳнома ва ҳк.);

– Ташкилот раҳбари ва ваколатли ходимининг ишга жойлашиш тўғрисидаги буйруқлари нусхалари;

– Ташкилотнинг ваколатли ходими номига берилган ишончнома нусхаси;

– Виза Тошкент шаҳрининг аеропортида олиниши мўлжалланган ҳолатларда – авиачипта ёки брон нусхалари;

– Таклиф қилинаётган шахснинг иш жойидан маълумотнома.

Жисмоний шахслар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

– Ўрнатилган намунадаги Виза талабномаси;

– evisa.mfa.uz сайтидан олинган электрон анкета;

– Таклиф қилинаётган ва таклиф қилаётган шахсларнинг паспортлари нусхалари;

– Ички ишлар органлари томонидан олинган таклифнома рухсатининг асли;

– Қариндошлик алоқаларини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари (агар бўлса);

– Виза Тошкент шаҳрининг аеропортида олиниши мўлжалланган ҳолатларда – авиачипта ёки брон нусхалари.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим қилинган ёзма илтимосномалари 10 иш куни давомида кўриб чиқилади.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар виза олиш учун Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:
  • паспорт ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳужжати (ушбу ҳужжатларнинг амал қилиш муддати виза муддатидан камида 3 ойдан кўп бўлиши лозим);
  • 2 нусхада тўлиқ тўлдирилган виза талабномаси;
  • 2 та рангли фотосурат (паспорт ўлчамида).

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар транзит виза олишлари учун юқорида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари кетаётган давлатнинг визаси ва Ўзбекистондан чиқиб кетиш санаси тасдиқланган йўл ҳужжатларига эга бўлишлари лозим. Ушбу ҳолда виза талабномасини кўриб чиқиш муддати 3 кунни ташкил этади.

 

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик муассасаси ёки консуллик ваколатхонаси бўлмаган давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар визани Ўзбекистонга келиб, Ташқи ишлар вазирлигининг «Тошкент» халқаро аеропортидаги виза билан таъминлаш секторидан олишлари мумкин. Бунинг учун Ўзбекистон ҳудудидаги таклиф қилувчи жисмоний ёки юридик шахс ўрнатилган тартибда олдиндан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилиши, Консуллик бошқармасининг Виза билан таъминлаш бўлимидан тегишли тасдиқ (штамп) олиши ва уни таклиф қилинувчи шахсга юбориши лозим. Мазкур тасдиқ таклиф қилинувчи шахс томонидан авиачипта харид қилиш ва ўз давлатидаги паспорт текширувидан ўтиш пайтида тақдим этилади ва ушбу ҳужжат асосида Ташқи ишлар вазирлигининг «Тошкент» халқаро аеропортидаги виза билан таъминлаш секторида унга виза расмийлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ визаларни расмийлаштириш ва бериш учун қуйидаги консуллик йиғимлари ўрнатилган:

a) Бир марталик визалар учун:

  • 7 кунгача — 40 АҚШ доллари;
  • 15 кунгача — 50 АҚШ доллари;
  • 30 кунгача — 60 АҚШ доллари;
  • 3 ойгача — 80 АҚШ доллари;
  • 6 ойгача- 120 АҚШ доллари;
  • 1 йилгача — 160 АҚШ доллари.

Изоҳ: ҳар бир қўшимча киришлар сони учун тарифлар ставкаси 10 АҚШ долларига оширилади.

b) Кўп марталик визалар учун:

  • 6 ойгача- 150 АҚШ доллари;
  • 1 йилгача — 250 АҚШ доллари.

c) Транзит визалар учун:

  • 72 соатгача — 40 АҚШ доллари;
  • икки марталик транзит виза учун — 50 АҚШ доллари.

d) Гуруҳ визалари учун (гуруҳда 16 ёшгача бўлган болалардан ташқари камида 5 киши бўлиши лозим):

  • 15 кунгача — 15 АҚШ доллари (ҳар бир киши учун);
  • 30 кунгача — 25 АҚШ доллари (ҳар бир киши учун).

 

Бундан ташқари виза бериш пайтида виза расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган ҳақиқий ҳаражатларни қоплаш учун йиғимлар ундирилади. Бундай йиғимларнинг миқдори виза расмийлаштирилаётган жойга боғлиқдир (мурожаат қилаётган шахснинг фуқаролигидан қатъи назар).

Изоҳ: Ўзбекистон Республиксаси билан тегишли икки томонлама шартнома ва келишувлар тузган давлат фуқароларига нисбатан Ўзбекистонга кириш визасини расмийлаштиришнинг бошқача тартиби жорий қилинган бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 21-октабрдаги “Туркия Республикаси фуқаролари учун виза тартибини соддалаштириш тўғрисидаги 3347-сонли қарорига билан Туркия фуқароларининг қуйидаги тоифаларига виза расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинди:

– Ўзбекистонга ишбилармонлик мақсадида ташриф буюрувчи Туркия фуқаролари учун 1 йилгача муддатга кўп марталик визалар 3 иш куни давомида Ўзбекистоннинг хориждаги муассасалари томонидан таклиф қилаётган юридик шахснинг Ўзбекистон Республикаси ТИВга мурожаат этиш талаби бекор қилинган ҳолда расмийлаштирилади;

– Ўзбекистонга турист сифатида ташриф буюрувчи Туркия фуқаролари учун 1 ойгача муддатдаги визалар 3 иш куни давомида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари томонидан туристик турваучерлар ёки Ўзбекистон Республикаси сайёҳлик ташкилотларининг таклифномаларини тақдим этиш талаби бекор қилинган ҳолда расмийлаштирилади.

Ўзбекистоннинг алоҳида давлатлар билан виза тартиби
  1. Қирғизистон (60 кунгача), Арманистон, Беларус, Грузия, Молдова, Озарбайжон, Қозоғистон, Россия ва Украина билан икки томонлама визасиз режим ўрнатилган.
  2. 2018-йилнинг 10-февралидан 7 та давлат – Исроил, Индонезия, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари учун 30 кунлик муддатга визасиз тартиб жорий этилган.

Визасиз тартиб ташриф мақсадидан қатъи назар мазкур давлатлардан Ўзбекистон Республикасига 30 кунгача бўлган муддатга ташриф буюрмоқчи бўлган ҳар қандай категориядаги паспорт (дипломатик, хизмат ва фуқаролик паспортлари) эгаларига нисбатан қўлланилади. Мазкур давлатлар фуқаролари ушабу тартибда Ўзбекистон Республикасига амалдаги миллий паспорт ёки хорижий давлатларга чиқишда фойдаланадиган бошқа ҳужжат асосида киришлари мумкин.

Визасиз тартиб юқоридаги давлатларда доимий яшовчи фуқаролиги йўқ шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Визасиз тартиб Ўзбекистон Республикасига кириб келган кундан бошлаб 30 кун давомида амал қилади. Чет эл фуқароси 30-кун тугагунига қадар Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиши лозим. Чет эл фуқароси томонидан 30 кунлик муддатнинг ўтказиб юборилиши хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиши қоидаларини бузиш деб ҳисобланади.

Чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикасида 30 кундан кўп муддатга келмоқчи бўлса белгиланган тартибда ташриф мақсадига мувофиқ равишда Ўзбекистон Республикасига кириш визасини олиши лозим бўлади.

  1. 2018-йил 10-февралдан дунёнинг 39 давлати (давлатлар рўйхати қуйида келтирлган) фуқаролари учун ҳужжатлар қабул қилинган кундан ташқари 2 иш куни давомида туристик визани расмийлаштиришнинг енгиллаштирилган тартиби жорий этилди ва сайёҳлик рухсати (турваучер) ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилаётган жисмоний/юридик шахсларнинг мурожаат қилиши бекор қилинди.

Илгари Австрия, Белгия, Буюк Британия, Германия, Испания, Италия, Латвия, Франсия, Швейсария, Таиланд, Чехия ва Полша фуқаролари учун ҳам визалар расмийлаштиришниг енгиллаштйирилган тартиби жорий этилган эди.

Мазкур давлатлар сайёҳларига 1 ой муддатга кўп маротабалик, бизнес вакиллари учун эса 1 йил муддатга кўп маротабалик визалар берилади. Бунда сайёҳлик рухсати (тур-ваучер) ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилаётган жисмоний/юридик шахслар томонидан йўлланган мурожаатлар тақдим этилиши талаб қилинмайди. Визалар ҳужжатлар қабул қилинган кундан ташқари 2 иш куни давомида расмийлаштириб берилади.

  1. Тожикистон, Венгрия ва Хитой (30 кунгача), Корея Республикаси ва Ветнам (60 кунгача), Бразилия, Латвия, Полша, Руминия, Сингапур, Словакия, Эстония, Қувайт ва Туркия (90 кунгача) дипломатик пасспорт эгалари учун визасиз режим жорий этилган. Ушбу давлатларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларида дипломатик паспорт эгаси бўлган ходимлари, шунингдек, уларнинг оила аъзолари хизмат муддати давомида Ўзбекистон Республикасига визасиз кириш ва бу ерда бўлиш ҳуқуқига эгадирлар.

  2. Ўзбекистон ва Япония ўзаро келишув асосида визаларни консуллик йиғимлари ундирмасдан берадилар.
2018 йил 10 февралдан бошлаб туристик визалар расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилган мамлакатлар рўйхати.
  1. Австралия
  2. Албания Республикаси
  3. Андорра Князлиги
  4. Болгария Республикаси
  5. Босния ва Герцеговина
  6. Ватикан
  7. Венгрия
  8. Греция Республикаси
  9. Дания Қироллиги
  10. Ҳиндистон Республикаси
  11. Ирландия
  12. Исландия
  13. Қувайт Давлати
  14. Канада
  15. Литва Республикаси
  16. Хитой Халқ Республикаси (шу жумладан ХХР Гонконг махсус маъмурий ҳудуди)
  17. Лихтенштейн Князлиги
  18. Люксембург Буюк Герцоглиги
  19. Македония Республикаси
  20. Мальта Республикаси
  21. Монако Князлиги
  22. Нидерландия Қироллиги
  23. Янги Зеландия
  24. Норвегия Қироллиги
  25. Бирлашган Араб Амирликлари
  26. Умон Султонлиги
  27. Португалия Республикаси
  28. Руминия
  29. Сан-Марино Республикаси
  30. Саудия Арабистони Қироллиги
  31. Сербия Республикаси
  32. Словакия Республикаси
  33. Словения Республикаси
  34. Америка Қўшма Штатлари
  35. Финляндия Республикаси
  36. Хорватия Республикаси
  37. Черногория
  38. Швеция Қироллиги
  39. Эстония Республикаси

 

Батафсил маълумот mfa.uz сайтида