×

«Isuzu» компанияси

«ITOCHU» корпорацияси 150 йиллик тарихга эга, у ўз фаолиятини тўқимачилик маҳсулотларини чакана сотиш бўйича катта бўлмаган дўкондан бошлаган. Бугунги кунда бутун дунё бўйлаб ўз ваколатхоналари ва шўъба корхоналарига эга, 62 мингдан ортиқ ходимни бирлаштирган ҳамда дунёнинг энг йирик компаниялари 500 талигига кирувчи «ITOCHU» истиқболли ривожланишга жиддий эътибор қаратмоқда.

Дунёнинг 66 мамлакатида 130 офиси мавжуд «ITOCHU» ички савдо, хар ҳил турдаги маҳсулотлар импорти ва экспортига ихтисослашган етакчи савдо компанияларидан биридир. Булар – тўқимачилик маҳсулотлари, ахборот-коммуникация технологиялари, машиналар ва ускуналар, энергия ташувчилар, металл, минераллар, кимёвий маҳсулотлар, озиқ-овқат, шунингдек, қурилиш, кўчмас мулк, молия, суғурта ва логистига соҳаларида хизматлар кўрсатиш.

Ўзбекистондаги ваколатхонасини «ITOCHU» 1996 йилда очди. Бугунги кунда корпорация мамлакатимизда бизнесни ривожлантиришга катта ишонч билан қарамоқда. Айни пайтда «ITOCHU» Ўзбекистоннинг “Самарқанд авомобил заводи” МЧЖ, “Навоий тоғ-металлургия комбинати” ДК каби кўплаб ташкилот ва компаниялари, тўқимачилик, электрон ва бошқа саноат корхоналари билан узоқ муддатли муносабатларни йўлга қўйган.

Хусусан, 2007 йилдан бошлаб корпорация “Самарқанд автомобил заводи” (“СамАвто”) МЧЖ акцияларига эга ҳамда «Isuzu Motors Ltd» йиғув компонентларини етказиб бермоқда. Улар “СамАвто” МЧЖ томонидан юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқаришда қўлланмоқда.

“СамАвто” МЧЖ билан шериклик доирасида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли кўплаб истиқболли, жумладан, табиий газда ишлайдиган автомобиллар ҳамда янги турдаги автобус ва юк машиналари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, “СамАвто” МЧЖ заводида ишлаб чиқариш жараёнини оптималлаштирувчи анъанавий “Кайдзен” япон фалсафасини жорий этиш кўзда тутилган. Ушбу фалсафа саноатнинг турли тармоқларида фаолият юритаётган кўплаб етакчи компаниялар томонидан қабул қилинган ҳамда бизнес моделида кескин ўзгаришларсиз харажатларни иқтисод қилишда энг яхши натижаларга эришиш имконини беради.

 «ITOCHU» компанияси Ўзбекистонда узоқ муддатли шерикликни давом эттириш ва бизнесни янада ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилган.