×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Энергетика вазирлигида қайта тикланувчи энергия манбаларини ишлаб чиқариш лойиҳаларида Италия компаниясининг иштирок этиши имкониятлари муҳокама этилди

Ўзбекистон Энергетика вазирлигида Италиянинг «Imagro Group» компанияси асосчиси Массимо Поллио бошчилигидаги делегацияси аъзолари билан музокаралар бўлиб ўтди.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, «Imagro Group»  бутловчи қисмлар, материаллар ва технологияларни глобал миқёсда етказиб бериш бўйича дунёда тан олинган етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда компаниянинг саккиз мамлакатда ваколатхоналари мавжуд бўлиб, жами айланма маблағи 550 миллион еврони ташкил этади.

Массимо Поллио сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётининг барча жабҳаларида жадал ривожланиш кузатилганини алоҳида қайд этар экан, Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги иқтисодий алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётганини айтди. Италиянинг қатор компаниялари ҳамда молиявий институтлари ўзаро ҳамкорликка ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдиришмоқда.

Учрашув чоғида АСКУГ лойиҳаси доирасидаги ҳамкорликнинг ижобий тажрибаси алоҳида қайд этилди. Шу билан бирга, Италия молиялаштиришини жалб қилган ҳолда янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, мулоқот чоғида Италия компаниясининг қайта тикланувчи энергия манбаларини ишлаб чиқариш лойиҳаларида иштирок этиши имкониятлари ҳам атрофлича муҳокама қилингани баробарида келгусида ҳаётга тадбиқ этиладиган лойиҳалар ҳақида ҳам сўз борди. 

Музокаралар якунида томонлар муҳокама қилинган масалаларни янада чуқурроқ ишлаб чиқишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

 

Манба: dunyo.info